🕋 Ҳаж-2024: Фирибгарлардан огоҳ бўлинг!
2024-05-25 14:05:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизнинг 10 та ҳудудий аэропортидан тўғридан-тўғри авиарейслар орқали зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.
Саудия Ҳаж ва умра вазирлиги Ҳаж визасисиз «Ҳаж» мумкин эмаслигини маълум қилди ва сохта Ҳаж компанияларидан огоҳлантирди.
Саудия Арабистони Катта уламолар Олий Кенгашининг ҳам рухсатномасиз ҳаж қилиш жоиз эмаслиги ҳақидаги баёноти эълон қилинди.
Унга кўра, “махсус рухсатномани олмай ҳажга боришнинг зарари фақат ўзи билан чекланмайди, балки бошқа ҳожиларга зарар бериш, тиқилинчлар ҳосил қилиб, ўзгалар соғлиги ва ҳаётига ҳамда масъуллар кўрсатаётган хизматларга салбий таъсир ўтказиш ҳисобланади. Шаръий қоидаларга кўра, ўзгаларга зарар беришнинг гуноҳи ўзига зарар беришдан кўра каттароқ ҳисобланади"– дейилади баёнотда.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва б.лар) билан ҳаж ибодатини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади.
Шундай экан, Ҳаж амалларини бажариш учун сизда «Ҳаж-2024» визаси бўлиши шарт.
Лекин шунга қарамай, ижтимоий тармоқлар орқали айрим шахслар ва туроператорлар ўз рекламаларини эълон қилишмоқда. Жумладан, тарқатилаётган рекламаларда «навбатларсиз ҳаж», «арзон нархларда ҳаж қилинг», «ҳаж амали тўлиқ кафолатланади» каби жозибадор эълонлар кузатилмоқда. Муборак сафарга боришни ният қилган юртдошларимизнинг айримлари мана шундай рекламаларга алданиб қолишмоқда. Ўз маблағ ва вақтларини зое кеткизишмоқда.
Огоҳ бўлинг! Саудия Арабистонига 2023 йилда бутун дунёдан туристик, бизнес ва бошқа визалар орқали келган 150 мингдан ортиқ шахслар ушланиб, қамоқ жазосини ўтаган, жаримага тортилган ва Саудиядан 10 йил муддатга депортация қилинган.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун «Ҳаж» тадбири фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.
«Ҳаж» фаолияти билан бошқа ташкилотларнинг, хусусан, сайёҳлик ташкилотлари ва бошқаларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланади.
Азиз юртдошлар, огоҳ бўлинг, фирибгарларга алданманг!
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

