Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштириш бўйича тарғибот гуруҳи аъзоларининг республика хотин-қизларига МУРОЖААТИ
2024-05-23 17:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ўзбекистон жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлиб, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан тобора ривожланаётган жаннатмакон ватандир.
Аммо тараққиётимизни, тинчлигимизни кўролмаётган, миллатлараро тотувлигимизга раҳна солмоқчи бўлаётган ғараз ниятлилар бор экан, бир лаҳза бўлса-да, лоқайд бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Не бахтки, Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий самарасини бермоқда. Буни нафақат халқимиз, балки бутун жаҳон эътироф этмоқда.
Умуминсоний бунёдкор ислоҳотлар натижасида эришилган энг буюк неъмат, шубҳасиз, тинчликдир. Уни асраб-авайлаш, эзгу қадрият сифатида келажак авлодга етказишда мамлакатимиздаги барча миллат ва элатлар бирдек масъул ҳисобланади.
Зеро, биз бир-бирига чирмашиб ўсаётган, ҳар қандай шамолларни қайтара оладиган мустаҳкам чинорлармиз.
Аммо ҳар қандай чинорлар бошидан бешафқат бўронлар ўтади. Бу бўронларда Ватан пойида бизни билим, ақл-идроклилик, дўсту биродарлик билан бирлашишимиз қутқаради.
Шунинг учун, бир неча йиллардан буён ташкил этилган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи тарғибот гуруҳларининг вилоят, туман, шаҳар ва барча маҳаллаларида хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича “хонадонбай”, “маҳаллабай” тарғибот тадбирлари, психологик семинар-тренинг машғулотлари олиб борилмоқда.
Қадрли илм-фан соҳибалари, боғча, мактаб ва олийгоҳлар ўқитувчилари-мураббийлари!
Президентимизнинг юртимиз аёлларига қилган мурожаатига кўра: “Азиз опа-сингиллар, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтирайлик, боғча, мактаб ва олийгоҳларга кириб борайлик.
Болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, ҳаёли ва иболи, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилайлик”.
Бугун хотин-қизларни билимли, илм-маърифатли, касб-ҳунарли – жамиятнинг илғор фуқароси қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Бу борада “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги” тамойили асосида гендер тенгликнинг такомиллашиб бораётгани, халқаро миқёсда илм-маърифатли хотин-қизларимиз эътироф этилаётгани, иқтидорли ёшлар учун махсус мактаблар, миллий ватанпарварлик синфларининг ташкил этилаётгани айни ҳақиқатдир. Шу орқали ёшлар диний экстремизм, халқаро терроризм, ақидапарастлик, миссионерлик, одам савдоси, гиёҳвандлик иллатларидан ҳимоя қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилига биноан юртимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йил мухтарам Юртбошимизнинг 8 март – хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги “Янги Ўзбекистонда бутун халқимиз қатори хотин-қизлар учун ҳам муносиб шароитларни яратиб бериш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади” номли нутқида ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш алоҳида белгиланди.
Ушбу мақсадда ҳар бир ҳудудда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича янгича ёндашув тизими асосида иш бошлаб юборилди. 2025 йилнинг 8 март кунига қадар 580 минг нафар хотин-қизга 15 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Ҳурматли тарғиботчилар, оқила аёллар, отинойилар, ҳожионалар, нуроний бувижонлар!
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Албатта қизларимизни асраб-авайлаш, уларга тўғри тарбия бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, халқимизга муносиб фарзандлар этиб камолга етказиш учун давлат ва жамият ўз зиммасидаги барча ишларни бажаради. Лекин бу ўта муҳим вазифани адо этишда оиланинг, меҳрибон бувиларимиз, мунис оналаримиз, маҳалладаги кайвони аёлларнинг ўрни ва таъсирини ҳеч ким боса олмайди”.
Шунинг учун оилада миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ёш авлодни тинчликдек улуғ неъматни қадрлашга ўргатмоғимиз керак.
Зеро, кенг кўламли ислоҳатлар фақат ва фақат тинчликда амалга ошади.
Янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонлари улғаяётган бешиклар ёнига чиркин ниятли, қора шарпалар ўрмалашига йўл қўймайлик!
Кейинги йилларда мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, ватанпарварлик, инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олий мақсадларни тарғиб этиш бугунги куннинг энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенлик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини киритди. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган.
Яна бир муҳим жиҳати мамлакатимизда биринчи бор “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони таъсис этилиб, давлат ва жамоат ташкилотларининг 160 нафардан ортиқ вакиллари мукофотланди.
Мамлакатимизда диний эркинлик тамойили асосида маърифий ислом қадриятларини ёшларга тўғри тушунтириш мақсадида дунёвий таълим муассасалари билан бир қаторда мадрасалар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилиб, Тошкент шаҳрида кўп асрли маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда.
Бугун “Янги Ўзбекистон”да диний соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотларга жавобан олималар, зиёли қатламлари қандай фаолиятни амалга оширишлари зарур?
Биринчидан, шу жараёнга илмий-назарий, амалий ва методик жиҳатдан тайёрланишимиз зарур. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек: “Бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”.
Шарқ донишмандлари айтганидек, энг катта бойлик ақл-заковат ва илм, энг катта мерос яхши тарбия, энг катта қашшоқлик эса билимсизликдир!
Иккинчидан, давлатимиз Раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда энг катта бало – камбағаллик, ишсизлик, адолатсизлик. Уларни бартараф этиш мақсадида тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий фаол бўлиш, огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарур.
Учинчидан, жамият ҳаётида оиланинг, хотин-қизларнинг ролини ошириш, ёш қизларнинг тарбияси, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига изчил ёндашув зарур.
Тўртинчидан, оилада аёллар, оналик ва болалик ҳуқуқини таъминлаш, ноқонуний никоҳларга барҳам бериш, бу масалаларда азалий қадриятларимизга қатъий амал қилиш бўйича тизимли тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давр талабидир.
Муҳтарама онахонлар, мунис опа-сингиллар, оқила аёлларимиз!
Ушбу мурожаатимиз миллионлаб виждон қўнғироқларининг садоси ўлароқ янграб барча-барчани ҳушёрлик, уйғоқлик ва Янги Ўзбекистоннинг нурли эртаси учун маънавий сафарбарликка чорлови бўлсин.
Зеро, ватанпарварлик оналарнинг қалбидан бошланади.
