Халқаро ҳамкорлик кенгайиб бормоқда
2026-11-16 15:50:00 / Янгиликлар

Тадбирларда икки мамлакатнинг йирик компаниялари ва ишбилармон доираларининг 150 нафардан ортиқ вакили иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Омон савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Анвар бин Ҳилол Ал-Жабрий асосий маърузалар билан сўзга чиқди.
Ўзаро савдони кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятлари, шунингдек, эришилган келишувлардан аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш муҳимлиги таъкидланди.
Инвестициялар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати, молиялаштириш ва ахборот технологиялари, қурилиш ва ишлаб чиқариш масалаларига бағишланган панель сессиялари бўлиб ўтди. B2B ва G2B форматидаги учрашувлар ўтказилди.
Бизнес-форум якунлари бўйича энергетика, саноат, транспорт ва логистика, молия, қишлоқ хўжалиги ҳамда технологиялар соҳаларида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

