
Қурилиш ва УЖКХ

Хидоятов Шерзод Саиджанович
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири
Кейинги йилларда мамлакатимизда турар-жойлар, ижтимоий-маиший объектлар қурилишини ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаларини янгилаш мақсадида олиб борилаётган яратувчилик ишлари натижасида шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Бунёдкорлик соҳасига оид барча чора-тадбирлар Шаҳарсозлик кодекси ва шаҳарсозлик норма ва қоидалари асосида тизимли олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги "Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-299-сон қарори имзоланди.
2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 880-сон қарори қабул қилинди.
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш, сув ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув объектларини давлат томонидан тартибга солиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳудудий сув таъминоти корхоналарини бирлаштирган ҳолда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ташкил этилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ичимлик сув таъминоти, канализация тизимларини модернизация қилиш учун республика бюджети, давлат мақсадли жамғармалар, маҳаллий бюджетлар ҳамда халқаро молия институтлари ҳисобидан етарлича маблағлар ажратиб келинмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026- йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон Республикасида жами 63 954,7 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 2025- йилнинг мос даврига нисбатан 15,5% га ошган.
2026 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон Республикасида қурилиш ишлари иқтисодий фаолият турлари бўйича қуйидагича тақсимланган:
- Бино ва иншоотлар қурилишининг улуши 73,5 фоизга етди, ўсиш суръати эса 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 фоизга ошди.
- Фуқаролик объектларини қуриш улуши 17,9 фоиз даражасида қайд этилди, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга кўпдир.
- Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари улуши 8,6% ни ташкил этди, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 14,4% га кўпдир.

