Ўзбекистон–Буюк Британия қўшма иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилиши
2026-10-09 16:55:00 / Янгиликлар

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири Анас Сарвар ҳамраислик қилди.
Томонлар савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси масалаларини муҳокама қилди.
2026 йилнинг январь–август ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,6 фоизга ошиб, 250 млн АҚШ долларига яқинлашди.
Буюк Британиянинг ривожланаётган мамлакатлар учун савдо преференциялари тизими - DCTS, сертификатлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британия савдо тармоқларига олиб кириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, 46 та лойиҳани амалга ошириш, UK Ex Finance иштирокида молиялаштириш, Тошкент халқаро молия марказини ривожлантириш ҳамда электротехника, критик минераллар, фармацевтика ва транспорт машинасозлиги соҳаларидаги кооперация масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида савдо, инвестициялар, саноат, рақамли технологиялар, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги келишувларни мустаҳкамловчи Қўмитанинг иккинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.

