
Соғлиқни сақлаш

Худаяров Асилбек Анварович
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5590-сон фармони билан 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “2022 — 2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги ПҚ-216-сон қарори билан 2022 — 2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 январдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-38-сон қарори билан Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича “ЙЎЛ ХАРИТАСИ” тасдиқланган.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм йўналтирилди. Бунинг ҳисобига жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.
Натижада бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар туман даражасига туширилди.
Сўнгги йилларда юртимиз тиббиётида илғор технологиялар жорий этилиб, таълим жараёнларига ҳам кенг татбиқ қилинмоқда. Хусусан, учта олий таълим муассасаси негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Саккизта тиббиёт олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтди. Бу соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш имкониятлари янада кенгайди.
Мамлакат бўйлаб давлат тиббиёт муассасалари замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминланди, ягона рақамли инфратузилма шакллантирилди. 2024–2025 йилларда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди. Минглаб янги компьютерлар харид қилиниб, техник база янгиланди.
Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув йўлга қўйилиб, чақириқларга етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқартирилди.
Шунингдек, “Электрон рецепт” тизими фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда.

