Энергетика вазирининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди
2025-09-29 20:45:00 / Янгиликлар

#ёшлар_учрашув
Онлайн тарзда ўтказилган учрашувда хорижий давлатларда ёқилғи-энергетика соҳасида таҳсил олаётган, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича илмий изланиш олиб бораётган ва халқаро компанияларда фаолият юритаётган ёшлар иштирок этди.
Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда ёшларнинг ролини ошириш, уларга кенг имкониятлар, яхши шароитлар яратиб бериш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани, Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан доимий равишда ўтказаётган учрашув ва мулоқотлари, соҳалар ривожида ёшларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлиги алоҳида таъкидланди.
Охирги 6 йил ичида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда умумий қуввати 4 682 мегаватт (қуёш – 3 030 мегаватт, шамол – 1 652 мегаватт) бўлган 12 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси ишга туширилди ва улар «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари, умумий қуввати 300 мегаватт бўлган 2 та энергия сақлаш тизими ҳамда умумий қуввати 3 274 мегаватт бўлган 8 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилди.
Ўзбекистондаги биргина қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқарилган электр энергияси 8 млрд кВт·соатдан ошди. Бу юртимизда умумий электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг 22 фоизини «яшил» энергия манбалари ташкил қилди. Бу рақам 2030 йилга бориб 54 фоизга етиши режалаштирилган.
Мазкур инвестиция лойиҳалари Саудия Арабистонининг “ACWA Powe”, Бирлашган Араб Амирликларининг "Masdar", “Tepelen Group AG” ва “Amеa Power”, Франциянинг “Total Energies”, "Voltalia" ва "EDF", Хитойнинг Gezhouba Overseas Investment Group”, “China Datang Overseas Investment” ҳамда “Universal Energy”, Германиянинг “Hyper Partners”, “Siemens Energy”, Нидерландиянинг “Stone City Energy”, Қатарнинг "Nebras", Япониянинг “Sojitz Corporation” ва “Kyuden International Corporation”, Туркиянинг “Aksa Enerji”, “Cengiz Enerji” ва “Odash Enerji” каби йирик компаниялари томонидан амалга оширилади.
Савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда Италия, БАА, Хитой, Буюк Британия, Малайзия, Жанубий Корея ва Полша каби давлатлардаги олий таълим муассасаларида энергетика соҳасида таҳсил олаётган ва компанияларда ишлаётган ёшлар ўз таклифлари билан бўлишдилар.
Хусусан, энергетика соҳасида янги инновацион технологияларни қўллаш, сунъий интеллект асосида бошқарув самараорлигини ошириш, табиий газ ишлаб чиқаришда янги методологиялар ишлаб чиқиш, иқлим шаритларини инобатга олган ҳолда ўсимликлардан биогаз олиш, энергетика соҳасида қўлланиладиган қурилмаларни замонавий моделлаштириш ҳамда бу орқали маҳаллийлаштириш таклифлари қўллаб-қувватланди. Ушбу таклифларни биргаликда амалиётга татбиқ этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди ҳамда ҳар бир ёшга соҳа масъуллари бириктирилди.
Қизғин ва сермазмун ўтган ушбу мулоқот якунида бу каби учрашувларни давом эттиришга келишиб олинди.



