Ўтган йили АҚШда электр энергияси учун ойига ўртача 144 доллардан тўлашган
2025-05-14 12:10:00 / Янгиликлар

⚡️ 2024 йилда АҚШда уй хўжаликларининг электр энергияси учун ўртача ойлик тўлови 144 долларни ташкил этди. Бироқ айрим штатлар ўртасидаги фарқ икки баробардан ҳам кўпроқ бўлди. Масалан, Гавайида ойлик тўлов ўртача 213 долларни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич Юта штатида 89 доллар бўлди.
Айтиш жоизки, ўтган йили АҚШда 1 киловатт⋅соат электр энергиясининг нархи 2023 йилдагига нисбатан ўртача 16 сентга қимматлашган.
Мазкур маълумотлар Энергетик ахборот бошқармаси (EIA) мутахассисларининг электр энергияси етказиб берувчи компаниялар савдоси ва тушумларини уларнинг аҳоли секторидаги мижозлари сони билан таққослаб қилган таҳлиллари асосида олинган.
⬛️ Тўлов миқдори, кўп жиҳатдан, электр энергияси генерациясининг асосий манбаига боғлиқ. Ютада бу — газ ва кўмир бўлиб, улар энергия инқирози авжи пасайганидан сўнг анча арзонлашган. Гавайида эса асосан қиммат нефть маҳсулотлари қўлланилади.
EIAнинг сўнгги йиллик ҳисоботига кўра, АҚШда электр станцияларида анъанавий кўмирнинг ўртача нархи 1 миллион Британ термал бирлиги (BTE) учун 3,15 доллар, газ нархи 3,36 доллар, нефть маҳсулотлариники эса қарийб 16 долларни ташкил этган.
▶️ Ўртача тўлов гуруҳига Луизиана каби газ қазиб олувчи бир қатор штатлар киради. 2024 йилда бу ерда уй хўжаликлари ойига ўртача 142 доллар тўлашган. Бу ердаги паст тарифлар аҳолининг ёзда кондиционерлардан ва қишда электр иситиш жиҳозларидан кенг фойдаланиши сабабли юзага келадиган юқори истеъмол ҳажми билан компенсация қилинади.
