Бокуда Каспий “Яшил Коридор” лойиҳасига бағишланган анжуман бўлиб ўтди
2025-04-05 13:35:00 / Янгиликлар

4 апрель куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Каспий “Яшил Коридор” лойиҳасига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг расмийлари, энергетика соҳаси мутахассислари, халқаро ташкилотлар ҳамда йирик молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда лойиҳанинг асосий мақсади – мамлакатлар ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика тизимларини ўзаро боғлаш ва Европа билан электр алоқаларини йўлга қўйиш экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон қуёш ва шамол энергиясига бой мамлакатлар ҳисобланади. Каспий орқали ўтадиган “Яшил Коридор” лойиҳаси орқали қайта тикланувчи электр энергияси Европага экспорт қилинади. Бу нафақат мамлакатлар иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, балки глобал даражада тоза энергияга ўтиш жараёнига катта ҳисса қўшади.
Лойиҳа электр тармоқларини бирлаштириш орқали узилишларни камайтириш, барқарор энергия таъминотини таъминлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига қарши курашишда ва барқарор келажакни қуришда муҳим қадам ҳисобланади.
Анжуманда лойиҳанинг биринчи амалий босқичи — техник-иқтисодий асосланганликни ўрганиш ишлари бошлангани маълум қилинди. Ушбу жараёнда техник ечимлар, экологик таъсир, харажатлар ва иқтисодий самаралар атрофлича таҳлил қилиниши белгиланган.
Тадбир доирасида “Яшил Коридор” лойиҳасида қатнашувчи мамлакатларнинг энергетика вазирлари иштирокида Энергетика бўйича вазирлар кенгашининг тўртинчи мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш Жанубий газ коридори бўйича Консультатив кенгаш доирасида ташкил этилди.
Йиғилиш якунида Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма ва инвестисиялар банки билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Коммюнике имзоланди. Ушбу ҳужжатда Осиё тараққиёт банки лойиҳани молиялаштириш учун 1 миллион доллар ажратишга тайёр экани расман маълум қилинди.
Шундан сўнг иштирокчи мамлакатларнинг мутахассислари ушбу банклар вакиллари билан алоҳида учрашув ўтказиб, техник ҳамкорлик, молиялаштириш механизмлари ва қўшма тадқиқотлар юзасидан амалий масалаларни муҳокама қилишди.
Қатнашчилар таъкидлаганидек, Каспий “Яшил Коридор” лойиҳаси мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлиб, нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда барқарор ва экологик тоза энергетика истиқболларини очиб беради.