“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда коррупцияга қарши курашиш чоралари янада кучайтирилади
2025-03-08 10:00:00 / Янгиликлар

Бугун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда коррупциянинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги ва ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларга қаратилган профилактик йиғилиш ўтказилди.
Маълумки, жорий йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда коррупциянинг олдини олиш бўйича энг муҳим вазифа ва мақсадлар белгилаб берилди. Унда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўрилиши, ҳар бир давлат хизматчиси ҳамда фуқаронинг бу иллатга қарши курашишда маъсулиятини янада оширишга чуқур эътибор қаратилди.
Бугунги кунда коррупция иллатидан мутлоқ холи бўлган тизим ёки фаолият мавжуд эмас, афсуски. Шу муносабат билан ҳар бир ташкилот ва фуқаро олдида коррупциясиз келажакни бунёд этиш вазифаси турганини чуқур англамоқ лозим.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан ўтказилган йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг таркибий филиал ва корхоналари ишчи-ходимлари томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишни олдини олиш, уларни келиб чиқишига имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф қилиш, тизим ходимлари томонидан ўтган даврда содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда бошқарув раиси Асрор Акрамов, Бош прокуратура прокурори Рустамжон Рахимов, Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорат хизмати бошлиғи Хусниддин Алламуродов, шунингдек, бошқа масъуллар иштирокида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар мазмун-моҳияти ҳамда соҳада бу борада амалга оширилши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, коррупцион ҳолатларни олдини олишга қаратилган рақамлаштириш жараёнларини давом эттириш, комплаенс-назорат хизматларининг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, фаолиятини янада жадаллаштириш бўйича тавсиялар берилди ҳамда соҳадаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, жумладан, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳам шаффоф тизимни яратиш масалаларига кенг урғу берилди.
Барча ходимларга коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик ва уни олдини олишда биргаликда ҳаракат қилишга доир тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.




