Туркия қуёш энергияси ҳисобига газ импортидан $1,7 млрд тежади
2025-01-31 20:00:00 / Янгиликлар

Туркия охирги икки ярим йил ичида қуёш панеллари қувватини деярли икки баробар оширди: 2022 йил июлида 9,7 ГВт бўлган қувват 2024 йил декабрида 19 ГВтга етди. Илгари мамлакатга ПВ-модуллар қувватини икки баробар ошириш учун тўрт йил керак бўлган эди.
«Ember» маълумотларига кўра, 2024 йил якунига кўра Туркияда қуёш энергетикасининг улуши 5,8% дан 7,6% га ошди. Натижада, мамлакат 2024 йилда газ импортидан $1,7 млрд тежашга эришди, бу ўтган йилга нисбатан 22% кўпроқдир.
Келгуси йилларда Туркия янада кўпроқ тежаш имкониятига эга:
◾️ 2024 йил охирига келиб, мамлакатда умумий қуввати 14 ГВт бўлган 412 та қуёш электр станцияси (ҚЭС) лойиҳаси инвестицияга тайёрлик босқичида эди;
◾️ 2025–2028 йиллар давомида умумий қуввати 4,8 ГВт бўлган «Akkuyu» АЭСнинг тўртта энергоблоки ишга туширилади. Бу мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 10% ни таъминлайди ва йилига 10 млрд куб метр газ тежаш имконини беради;
◾️ жорий йилда Туркия Энергетика вазирлиги Синоп ва Фракия ҳудудларида (мамлакатнинг шимоли ва шимоли-ғарби) янги атом электр станциялари қурилиши бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Туркияга Россиядан газ етказиб беришнинг асосий канали – “Туркия оқими” (TurkStream) газ қувурининг бир тармоғи бўлиб, унинг қуввати йилига 15,75 млрд куб метрни ташкил этади. “Кўк оқим” (Blue Stream) қувурининг иккинчи тармоғи йилига 16 млрд куб метр қувватга эга бўлсада, у ҳануз тўлиқ қувватда ишламаяпти.
