Собиқ ОДО биносининг орқа томонидаги майдонда трансформатор ёнгани йўқ
2024-11-29 00:50:00 / Янгиликлар
Бугун ижтимоий тармоқларда Юридик университети асосий биносининг (собиқ Марказий офицерлар саройи биноси) орқа томонидаги яшил майдонда трансформатор ёнгани ҳақида хабар тарқалди.
Шуни маълум қиламизки, бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. 2024 йил 28 ноябрь куни соат 22:59 да Юнусобод тумани, “Қашқар“ МФЙ, «Марказ-4» квартали, Истиқлол кўчасида жойлашган Тошкент шаҳар Марказий майдонларини Ободонлаштиришга ихтисослаштирилган Бошқармасига қарашли ишчиларнинг кундалик жиҳозлари (уст-боши, супургиси, челак, латта ва бошқа буюмлар) сақланадиган контейнерда ёнғин чиққан. Оқибатда унинг тахминан 20 квадрат метр ички қисми майдони ёнган.
Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан соат 23:07 да қуршаб олиниб, соат 23:08 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Биз ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва кўп сонли обуначиларга эга каналлардан ҳар бир хабарнинг тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилгач, тарқатишларини сўраймиз. Зеро, ёлғон ва тасдиқланмаган хабар энг аввало уларнинг ўзига нисбатан ишонч пасайишига сабаб бўлади.
