Чилонзор туманидаги замонавий когенерация қурилмаси Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари истеъмолчиларини электр ва иссиқлик энергияси билан барқарор таъминламоқда
2024-08-22 10:10:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, 2023 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Оқтепа” ва “Боғзор” маҳаллалари ҳудудида когенерация қурилмаси ишга туширилган. Қурилма барқарор ишламоқда ва ҳозирга қадар у орқали 17 млн кВт·соат электр, 24 минг Гкал·соат иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди.
Маълумки, 2022 йилнинг қиш мавсумида кузатилган аномал совуқ об-ҳаво сабаб айрим ҳудудларнинг иссиқлик таъминотида узилишлар рўй берди. Чилонзор туманининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларидаги вазият улар иситиш тизимининг сўнги нуқтасида жойлашгани учун бошқа ҳудудлар билан солиштирганда бир мунча мураккаб эди.
Ҳудудда Президентимиз топшириғи асосида бу каби ҳолат қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерация қурилмаси ишга туширилди.
Мазкур қурилма соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 Гкалдан ортиқ иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Фойдали иш коэффициенти эса 85 фоизни ташкил этади. Бу ерда Германиядан келтирилган газ-поршенлар ҳамда “Bosch” қозонлари ишламоқда. Улар орқали йилига жами 41 млн кВт·соат электр энергияси ва 219 минг Гкал иссиклик энергияси ишлаб чиқарилади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан амалга оширилган лойиҳа доирасида қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистрали алмаштирилди, ҳар бир тураржой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқлари янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.
Лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати – иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланган. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади. Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришиляпти. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камайган. Оқова сув ташланмалари эса умуман йўқ.
Малумот учун, айни кунларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманида ҳам 1 МВт электр, 6 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий когенерация қурилмаларини қуриш ишлари олиб бориляпти.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ Матбуот хизмати
