Расмий муносабат: Бир килограмм кўмирдан 8 кВт⋅соат эмас, балки 0,8 кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилади
2024-08-05 20:45:00 / Янгиликлар

Яқинда ижтимоий тармоқларда “Бир килограмм кўмирдан 8 кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилар экан”, деган мазмунда видеохабар эълон қилинди. Хўш, бу иддао аслида нечоғли тўғри? Чиндан ҳам шундайми?
“Иссиқлик электр станциялари” АЖдан олинган маълумотларга қараганда, бугунги кунда кўмир ёқилғисига ихтисослаштирилган иссиқлик электр станцияларида маҳаллий ва асосан Қозоғистондан келтириладиган импорт кўмирнинг омихтасидан фойдаланилади. Мазкур кўмирлар омихтасининг иссиқлик бериш даражаси 3 000 ккалга келтирилади.
Ушбу бир тонна омихта кўмирнинг ўртача нархи олиб келиш ҳамда юклаш харажатлари билан бирга 425 минг сўмни ташкил қилади.
1 кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун худди шу омихта кўмирдан ўртача 1,2–1,4 килограмм сарфланади. Бошқача айтганда, 1 килограмм омихта кўмирдан видеохабарда айтилгани каби 8 кВт⋅соат эмас, балки ундан қарийб 10 марта кам – ўртача 0,8 кВт⋅соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Демак, бир кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган 1,2 килограмм кўмирнинг нархи 510 сўмни, 1,4 килограмм кўмирнинг нархи эса 595 сўмни ташкил этишини инобатга олсак, видеохабарда келтирилган фактнинг хато эканлиги ойдинлашади.
Айтиш керакки, кўмир станциясида электр энергия ишлаб чиқариш таннархи таркибида ёқилғи харажатлари 60 фоизни, меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари 8 фоизни, бино ва энерго ускуналарнинг эскириш харажатлари 8,2 фоизни, таъмирлаш харажатлари 5 фоизни, курс фарқидан зарарлар 8 фоизни, жалб қилинган кредит фоизлари тўловлари 4 фоизни, солиқ тўловлари 1,5 фоизни ва бошқа харажатлар 5,3 фоизни ташкил қилади.
Бугунги кунда кўмир ёқилғисига ихтисослаштирилган иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш таннархи қўшимча қиймат солиғи билан 848,4 сўмга тенгдир.
Биз блогер ва журналистлардан ҳар қандай маълумотни эълон қилишдан аввал қайта-қайта фактчекинг қилишларини, агар зарурат туғилса, Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати билан боғланиб, масалага аниқлик киритиб олишларини сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз: Энергетика вазирлиги юқорида келтирилган фактларга шахсан ишонч ҳосил қилишни истовчи журналист ва блогерлар учун мамлакатимизда кўмир ёқилғиси билан ишловчи иккита иссиқлик электр станциясига пресс-тур уюштиришга тайёр.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.
