Пан Ги Мун: Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари бутун минтақа ҳаётини янада яхшилашга ёрдам берадиган ўзгаришлар занжирини яратади
2024-07-27 12:00:00 / Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти собиқ Бош котиби, Яшил ўсиш глобал институти (GGGI) Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси Пан Ги Мун "Дунё" ахборот агентлигига интервью берди.
– Жаноб Пан Ги Мун, 2016 йилдан бошлаб мамлакатимиз барча соҳаларда – сиёсат ва иқтисоддан тортиб диний-маърифий жабҳаларда туб ислоҳотлар билан ажралиб турадиган янги тараққиёт босқичига қадам қўйди. Ўзбекистон жуда тез ўзгаряпти, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган, ислоҳотларнинг самарали натижалари эса яққол кўзга ташланмоқда. Умумий фаровонликка эришиш, камбағалликни қисқартириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашни ўз ҳаётининг асосий мақсади қилиб олган инсон сифатида бу жараёнлар ҳақида нима дея оласиз?
— Бундан бир неча йил аввал – COVID-19 пандемиясидан олдин Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгач, бир қатор ўта муҳим ислоҳотларни бошлади, деярли бир кеча-кундузда амалга оширилган бошқарув, иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини яхшилаш – ислоҳотларнинг ёрқин намунасига айланди. Булар тўғрисида кўплаб маълумотлар ўқиганман. Мени энг ҳайратга солган нарса шуки, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ҳар томонлама янгилаш ва фаровонлаштиришда услубий ёндашди. Бу янгиланишлар ташқи дунё билан алоқаларнинг сезиларли даражада кенгайиши, аҳоли учун инфратузилманинг яхшиланиши, коррупцияга қарши курашиш, халқаро молия институтлари ва хусусий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларининг ошишига хизмат қилди.
Ишончим комилки, бундай ислоҳотларнинг бошида, айниқса, кўп қийинчиликлар бўлган, шу сабабдан Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдириш керак, деб ҳисоблайман. Ҳатто Ғарб мамлакатларида ҳам, менинг Ватанимда ҳам ҳар қандай ўзгаришларга холисона ўйламасдан, шахсий манфаат ёки бошқа сабабларга кўра, қатъий қаршилик кўрсатадиганлар топилади. Менимча, Ўзбекистон каби собиқ иттифоқ мамлакатида ушбу жараён янада мураккаброқ кечади. Ислоҳотларнинг самаралари қўшни давлатларга янада ижобий таъсир кўрсатиб, келгуси йилларда бутун минтақа ҳаётини янада яхшилашга ёрдам берадиган ўзгаришлар занжирини яратади, деб ўйлайман.
– 2010, 2015 ва 2018 йилларда мамлакатимизга амалга оширган ташрифларингизни Ўзбекистон халқи ўзгача мамнуният ва ҳурмат билан эслайди. Сиз экологик офат зонаси бўлган Оролбўйи минтақасига ташриф буюрган БМТнинг биринчи Бош котиби бўлдингиз. Ушбу ташрифлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга эришиш ва глобал офат – Орол денгизининг қуриши оқибатларига қарши курашиш борасида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларига кучли туртки бўлди...
– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби сифатидаги фаолиятим давомида кўплаб мамлакатларга, хусусан, менда унутилмас таассурот қолдирган Орол денгизи каби минтақаларга боришга ҳаракат қилдим. Бу сафарлар барқарор ривожланиш нима учун бунчалик муҳимлигини ва нега мен 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига эришиш учун дунё етакчилари билан биргаликда иш олиб боришга қатъий қарор қилганимни эслатиб туради. Бу, шунингдек, кўпинча бир вақтлари коррупциялашган ёки лаёқатсиз ҳукумат томонидан қисқа муддатли фойда эвазига амалга оширилган нотўғри сиёсат ва режалаштириш оқибатлари одамларга улкан ва узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқ эслатиб туради. Оролбўйига ташрифим давомида денгизга боғланиб қолган кўплаб балиқчилар ва деҳқонларнинг бугунги ҳолатига, уларнинг муаммоларига гувоҳ бўлдим.
Қувонарлиси, ўзбек халқи оғир синовлардан омон қолган кучли халқдир. Яна шуни биламанки, Ўзбекистон Корея ярим оролидан ташқарида этник корейслар ёки ХХ аср бошларида мамлакатингизга кўчиб борган Корёин сони энг кўп бўлган мамлакатлардан биридир. Тарих фани ихлосманди сифатида уларнинг ҳикоялари мени доим ҳайратда қолдирган ва улар билан қондошлик ҳиссини ҳис қилмасликнинг иложиси йўқ. Умид қиламанки, Ўзбекистонга яна ташриф буюриш имкониятига эга бўламан.
– Ўзбекистон учун муҳим бўлган Орол денгизи мавзусига батафсил тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу глобал миқёсдаги фалокат бўлиб, нафақат Евроосиё минтақаси, балки бутун сайёрадаги ҳаёт ва иқтисодий жараёнларга катта таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу кенг кўламли экологик офатга қаратишга муваффақ бўлди. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди ташкил этилди ва мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциялари қабул қилинди. Орол денгизининг қуриган тубида дарахтзорлар барпо этилиб, табиий офат оқибатларидан азият чекаётган аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борадаги ишлар натижаларини қандай баҳолайсиз?
– Орол денгизининг бутунлай қуриши, ҳақиқатан ҳам, нотўғри олиб борилган сиёсат ва табиий ресурслардан ҳаддан ташқари ҳамда кўр-кўрона фойдаланишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Ҳозирги кунда Оролбўйи минтақасида, айниқса, Қорақалпоғистонда яшаётган одамлар собиқ иттифоқ даврида Орол денгизига қуйиладиган дарёлар ҳавзасидан ўнлаб йиллар давомида нотўғри суғориш сиёсати олиб борилгани учун катта бадал тўламоқда.
Бир пайтлар унумдор деҳқончилик ерлари бўлган ҳудудларга шамол билан бирга қуриган денгиз тубидан учиб келаётган тузлар кейинги авлодлар учун оғир зарар бўлиб қолади. Аввалроқ Орол денгизини асл ҳолатига қайтариш халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари диққат марказида эди. Бугун эса бунинг имкони йўқ, минтақанинг ҳозирги аҳолисига етказилаётган зарарни камайтириш ва уларнинг турмушини яхшилашдан бошқа нарса қилиш мумкин эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан кетганимдан сўнг бир овоздан Яшил тараққиёт глобал институти Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси лавозимига сайландим. 2018 йилдан бери ушбу институт вакили бўлиш менга катта мамнуният бағишлайди, чунки бу замонамизнинг энг муҳим глобал муаммоларидан бири – иқлим инқирозини ҳал қилишни давом эттиришга имкон беради.
Яшил тараққиёт глобал институти Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, тузли шамолдан ҳимоя қилувчи "яшил" қопламаларни барпо этиш, қуёш энергиясидан фойдаланиш ва иссиқхоналар қуриш каби ақлли ёндашувлар орқали Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини тиклаш ва ҳимоя қилиш лойиҳасини амалга ошираётганидан жуда мамнунмиз. Лойиҳа Корея Республикаси Ҳукумати (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Бизнинг институт экспертлари ушбу пилот лойиҳадан истиқболли натижалар кузатилганини айтишди. Лойиҳа келгусида янада кенгайтирилиши ва ўн минглаб фермерларни қамраб олиши мумкин. Афсуски, бу ҳам Орол фожиасидан олдинги ҳолатни қайтара олмайди, лекин минтақадаги ҳозирги ва келажак авлодлар турмушини яхшилаш, уларни қуриган денгиз тубидаги ҳаётнинг янги ҳақиқатига мослаштиришга хизмат қилади. Умид қиламанки, биз уларга шу тарзда ёрдам бера оламиз.
– Сизнинг БМТ Бош котиби лавозимида глобал исиш ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш йўлида катта қадамлар ташлаганингизни жуда яхши эслаймиз. Ўзбекистон раҳбарияти ҳам "яшил" ривожланишни ички сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, бир қатор миллий ва глобал ташаббусларни илгари сурди. Бу борада республика ташқи сиёсатида ҳам халқаро ҳамкорлик ривожлантирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Яшил тараққиёт глобал институтини ташкил этиш тўғрисидаги битимга қўшилди. Ўтган йилнинг февраль ойида Тошкентда GGGI ваколатхонаси очилди ва Орол денгизи минтақасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Ўзбекистон раҳбариятининг глобал "яшил" кун тартибини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон 2019 йилда Яшил ўсиш глобал институтига аъзо давлат сифатида қўшилганидан жуда хурсандман. Мамлакатингиз Марказий Осиёда GGGIга аъзо бўлган биринчи давлат бўлди. Сўнгра Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон Ўзбекистондан ўрнак олиб, Яшил тараққиёт глобал институтига қўшилди. Республика ушбу тузилмага аъзо бўлганидан буён Ўзбекистон ҳукумати ва Яшил ўсиш глобал институти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида "яшил" ўсиш дастурининг ҳаётга татбиқ этилаётгани мамнун этади.
Юқорида айтиб ўтганимдек, биз Орол денгизидаги табиий офатдан зарар кўрган қишлоқ хўжалигини тиклаш лойиҳасини бошладик. Энди жамоамиз ҳукумат ва бир қатор халқаро ҳамкорлар билан амалга ошираётган лойиҳаларнинг хилма-хиллиги, шунингдек, Орол денгизи минтақасида иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги бўйича ишларнинг кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Мисол учун, яқинда Яшил тараққиёт глобал институти Ўзбекистонда "яшил" ўсишга ўтишни молиялаштириш мақсадида "яшил" облигациялар чиқариш учун "Ўзсаноатқурилишбанк" билан англашув меморандумини имзолади.
— Сиз билан эксклюзив интервью форматида суҳбатлашиш биз учун шарафдир. Мулоқотимиз сўнгида сайёрамизнинг ҳар бир аҳолисига, жумладан, Ўзбекистон халқига тавсия ва мурожаатларингизни билдиришингизни истардик.
— Умуман олганда, БМТ Бош котиби сифатида дунё халқларига йўллаган мурожаатимда таъкидлаганимдек, сиёсий партия, ижтимоий-иқтисодий синф, касбий, академик, этник, минтақавий мансублигидан қатъи назар ҳар бир киши иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш, умумий фаровонлик ва тинчлик учун имкони борича қўлидан келган ёрдамини қилиши керак, деб ўйлайман. Ишни дастлаб ўз уйимиздан ва оиламиздан бошлашимиз ҳамда ўз жамиятларимизда давом эттиришимиз лозим.
Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда фикрларимни барча билан баҳам кўрмоқчиман. Зотан, айни муаммолар кўпчиликни безовта қилгани, қилаётгани бор гап. Очиғи, умумхавотирга сабаб бўлган ҳодисалар силсиласини инсониятни ларзага солган, ўзидан оғир ижтимоий-иқтисодий из қолдирган COVID-19 пандемиясидан чиқишимиз билан Европа, Яқин Шарқ, Африка ва дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларида шиддатли можаролар ва кескинликлар бошланиб кетиши билан изоҳлаш мумкин. Глобал таъсирга эга айни манзаралар, албатта, барча қатори менинг ҳам кўнглимни оғритади. Нимагаки, бугунги дунё яхлитлик сари интилаётган дунёдир. Шу боис ҳам жаҳоннинг у бурчагида можаро тескари қутбдаги ўлкага ҳам бирдек таъсир этади. Булардан ҳам хавотирлиси, сайёрамиздаги иқлим ўзгариши, сув муаммоси каби умуминқирозлар қолиб, бир-биримиз билан курашишга, кучимизни кўрсатиб қўйишга берилиб кетганимиз янада ачинарлидир.
Менинг болалигим уруш ва қашшоқликда ўтган. Шунга қарамай, мен одамлар бирлашиб, меҳнатсевар ва инновацион мамлакат қура олишларига гувоҳ бўлганман. Уруш ва камбағалликликнинг даҳшатли оқибатларига қарамай, Корея Республикаси оёққа туриб, фаровонлик даражаси, технологик инновациялар, инсон тараққиёти индекси ва бошқа кўплаб кўрсаткичлар бўйича ривожланган мамлакатга айланди. Умид қиламанки, бошқа давлатлар ҳам Корея Республикаси изидан боради.
Ўзимга келсак, ҳеч қачон умидсизликка тушмаганман. Аксинча, ҳаётим давомида қаттиқ меҳнат қилишга, бошқаларга меҳрибон бўлишга ва умидни сўндирмасликка қарор қилганман. Мен Корея уруши пайтида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қутқарилишимни ва ўз навбатида, бир кун келиб БМТга Бош котиб сифатида раҳбарлик қилишимни орзу ҳам қилмаганман. Агар умидимни йўқотганимда, ҳаётим бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Шу боис одамлардан умидсизликка тушмасликларини, ўзларини ва жамиятларини яхшилаш учун ҳаракат қилишларини хоҳлайман.
– Мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирамиз.
– Раҳмат.
