Юртимиздаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жорий йил бошидан буён 2 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди
2024-07-17 18:40:00 / Янгиликлар

Бугун соат 18:20 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 2 млрд кВт⋅соатга етди
Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда битта шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.
Ушбу «яшил» электр станциялар томонидан 2024 йил 31 май соат 15:00 га қадар 1 млрд кВт·соат миқдорида, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 1,6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.
Бугун соат 18:20 ҳолатига кўра, мамлакатимиздаги барча қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 2 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.
Айтиш жоизки, шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 1 млрд 783,3 млн кВт⋅соат, шамол электр станциялари томонидан эса 216,7 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида:
➖ 655,5 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
➖ атмосферага 860,7 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 1 миллион 538 минг 462 та хонадоннинг 6,5 ойлик ёки 833 минг 333 та хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш фотоэлектр станциялари 2022 йилда 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергия ишлаб чиқарган эди.




