Энергетика вазирининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди
2024-06-24 17:00:00 / Янгиликлар
Бугун, 24 июнь куни пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, вазирлик тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган 200 нафардан ортиқ ёшлар, бир қатор олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Учрашувда Энергетика вазири барча ёшларни яқинлашиб келаётган 30 июнь – “Ёшлар куни” билан табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда ёшларнинг ролини ошириш, уларга имкониятлар, яхши шароитлар яратиб бериш бўйича тизимли иш олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.
Бу борада қатор қонунлар ва қарорлар қабул қилинаётгани, соҳалар ривожида ёшларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлиги қайд этилди.
Учрашувда тизимда ёшларга оид амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бугунги бугунги кунда ёқилғи-энергетика тармоғида 106 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Шундан 17 минг 526 нафари 30 ёшгача бўлган ходимларни ташкил этади. Бугунги кунда 334 нафар, шу жумладан 10 нафар хотин-қиз ёш раҳбарлик, 2 минг 807 нафари, шу жумладан 378 нафар аёл мутахассис лавозимларида, 11 минг 209 нафар, шу жумладан 746 нафар аёл ишлаб чиқариш корхоналарида ишламоқда.
2023 йилда 633 нафар мутахассис олий ўқув юртини битирганидан кейин ишга қабул қилинган бўлса, 571 нафар йигит-қиз коллеж ва техникумни тамомлаб, ишга киргани соҳада уларга бўлган эътибор катта бўлаётганини англатади.
Ёш мутахассисларнинг тажриба орттиришини ташкил этиш мақсадида улар хориж мамлакатларига хизмат сафарларига ва таълим олиш учун нуфузли олий таълим муассасаларига юборилмоқда. 2023 йилнинг ўзида 260 нафар ходим хорижда тайёрлов ва қайта тайёрлов курсларида малака оширди.
Учрашувда, шунингдек, сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик қувватли иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, бугунги кунда юртимизнинг 6 та вилоятида умумий қуввати 1717 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда қуввати 100 МВт бўлган битта шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.
Бу ҳам юртимиз “яшил” энергетика тармоғидаги ютуқлардан дарак беради.
Бундан ташқари, сўнгги 5-6 йил ичида Ўзбекистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан жами 11 та битим имзоланди.
Ушбу битимларга асосан, 2028 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 7 минг 17 мегаваттга тенг бўлган 11 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.
Биргина охирги йилларда ишга туширилган ушбу электр станцияларда минглаб ёш ходимлар фаолият юритаётгани соҳа ривожида уларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигини англатади.
Бу ишлар, албатта, етарли эмаслиги, олдинда катта режалар тургани қайд этилди. Ёш ходимларга бундан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишлари учун етарли даражада шароитлар яратиб бериш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувда талабалар ва ёш ходимлар ёқилғи-энергетика соҳасида олиб бораётган илмий ишлари ва тадқиқотлари, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган инновацион ғоялар, турли муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритишди, ўзларининг қатор таклифларини билдирдилар.
Мулоқотда ёш мутахассислар ва талабаларнинг янги лойиҳалари, халқаро олимпиадалардаги иштирок, спорт комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш каби ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.