2025 йил давомида табиий газ таъминотида 173 мингдан ортиқ ноқонуний ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди
2026-02-03 18:30:00 / Янгиликлар

«Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Комплаенс назорат тузилмалари, аҳоли, кичик ва ўрта бизнес ҳамда йирик истеъмолчилар билан ишлаш бошқармалари ходимлари томонидан 2025 йил давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва қоидабузарликларни олдинини олишга қаратилган назорат тадбирлари мунтазам олиб борилди.
Назорат тадбирлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, шунингдек, газ таъминоти ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар иштирокида ўтказилган. Шу билан бир қаторда газдан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўйича хатлов жараёнларида ҳам қатор қоидабузилиш ҳамда ноқонуний ҳолатлар аниқланган.
Табиий газ таъминоти йўналишида 2025 йил давомида газ таъминоти ходимлари иштирокида жами 173 645 та ноқонуний ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, 774,6 миллион куб метр ёки 1 триллион 667 миллиард 511 миллион сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Суюлтирилган газ таъминоти йўналишидаги тадбирлар давомида 285 та ноқонуний «бункер»лар фаолиятига чек қўйилиб, 12 355 дона маиший газ баллонлар ва 137,7 тонна суюлтирилган газ ноқонуний сотилиши олди олинган. Шунингдек, 95 тонна суюлтирилган газ талон-тарож қилинганлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.
Шу ўринда, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчилардан энергия ресурсларидан амалдаги қоидаларга қатъий риоя қилган фойдаланишни сўраб қолади. Газдан ноқонуний фойдаланиш қонунга мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.
