“Яшил” энергетикани ривожлантиришда япон компаниялари билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
2025-12-23 14:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Давлатимиз раҳбарининг Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан 18-20 декабрь кунлари ушбу давлатга расмий ташрифи икки мамлакат алоқаларини янги босқичга кўтариш йўлида муҳим сиёсий воқелик бўлди.
Зеро, ташриф доирасидаги мулоқотларда Президентимиз томонидан Япония билан “яшил” энергетика ва саноатда углерод чиқаришни камайтириш, ахборот технологиялари, ўта муҳим минераллар, машинасозлик соҳасидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш каби стратегик шерикликнинг асосий йўналишларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Қайта тикланадиган энергия манбалари ва захиралаш тизимларини ривожлантириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтиришга доир ҳамкорлик келишувлари энергетика барқарорлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбарининг етакчи компаниялар, молия институтлари ҳамда бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралари уларнинг янги Ўзбекистонга, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлади. “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммитида Ўзбекистон Президенти илгари сурган таклиф ва ташаббуслар минтақамиз ва кунчиқар мамлакат ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш, барча соҳаларда тараққиётни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги мазмун касб этди. Япония компаниялари илгари асосан пудрат лойиҳаларида иштирок этган бўлса, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётига фаол инвестиция киритиб, қўшма корхоналар яратмоқда, бошқарув, технологиялар
трансфери ва миллий кадрларни тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Энг муҳими, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган мазкур ўзгаришлар натижасида Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ва технологик шерикларидан бирига айланди.
Бугун савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ижобий суръат кузатилмоқда. Хусусан, охирги саккиз йилда товар айирбошлаш 2 баравар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компанияларининг сони эса 10 карра ошди. Энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа устувор соҳаларда мустаҳкам кооперация ўрнатилди. Ташрифда стратегик шерикликни янада ривожлантириш ҳамда энергетика ва саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида иккита қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизимлари қурилиши бошлангани, мазкур лойиҳани шамол электр станциялари ва сақлаш қувватлари асосида Қорақалпоғистонда ҳам тез фурсатларда амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундай амалий ҳамкорликни Сирдарё вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий буғ-газ электр станциясини барпо этишда Япония компаниялари консорцум таркибида иштирок этаётганида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, бугун шамол электр станцияларида ўлчов ишларида иштирок этаётган япон компаниялари инвестиция киритиш учун тайёрлигини маълум қилди. Япон компаниялари тажрибаси ва сармоясини, аввало, инфратузилма, яъни юқори кучланишли магистрал электр тармоқлари, подстанциялар қурилишига жалб этиш муҳим.
Президентимизнинг Токио шаҳридаги ишбилармонлик тадбирлари доирасида “Sumitomo Corporation” компанияси президенти Шинго Уэнони билан учрашувида бу компания билан ўта юқори кучланишли кабель маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тез тиббий ёрдам машиналари паркини модернизация қилишда иштирок этиш режалари келишиб олинди.
Умуман олганда, қайта тикланадиган энергия манбалари ва захиралаш тизимларини ривожлантириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтиришга доир ҳамкорлик келишувлари энергетика барқарорлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ,
Энергетика вазири
