Сенат: Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра Энергетика вазирлиги 86 балл (яхши) олган
2025-12-12 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 11 декабрь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ҳукумат аъзоси ҳамда ҳоким лавозимига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиш, судлар ишини янада мақбуллаштириш, шунингдек айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция битими бўйича мажбуриятларни бажармаслик ва ердан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолларининг олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиришлар киритилиб, ҳукумат аъзоси ва ҳоким лавозимига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режаси тақдим этилишини белгиловчи қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.
Шунингдек, Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларга, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибида кўриб чиқиш учун асос бўлувчи даъвонинг баҳосини ошириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий судларга киритилган даъволар юзасидан махсус иқтисодий зоналарнинг ва саноат зоналарининг дирекциялари давлат божини тўлашдан озод этилмоқда.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳамда ҳокимларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини оширишга, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, инвестиция муҳити яхшиланишини ҳамда ердан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Шундан сўнг мажлис иштирокчилари Энергетика ҳамда Транспорт вазирликларида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳолатини муҳокама қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда модернизация жараёнида энергетика ва транспорт тизимлари миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминловчи асосий омиллардан бирига айланди.
Энергетика ва транспорт вазирликлари тизимида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Энергетика вазирлиги 86 балл (яхши) ва Транспорт вазирлиги 79 балл (қониқарли) олган.
Мазкур вазирликлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда соҳада амалга оширилган ишлар кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 100 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган, ижтимоий тармоқлардаги расмий веб-сайтларида 1000 дан ортиқ маълумотлар эълон қилинган.
Жумладан, иш режалари ижроси, вазирликка тегишли автомототранспорт воситалари, харажатлар сметаси, ҳисобот йиғилишлари, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилган.
“Коррупциядан ҳоли қонунчилик” тамойили асосида қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби такомиллаштирилган.
Рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда инсон омилини камайтириш орқали соҳаларда шаффофлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилган.
Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларининг автобус қатновларида автоматлаштирилган тўлов тизими йўлга қўйилган. Ҳаво ҳамда темир йўл чипталарини онлайн сотиш тизими яратилган.
Бироқ ўрганишлар натижасида айрим эътибордан четда қолиб кетаётган масалалар ҳам борлигини кўрсатди.
Сенаторлар томонидан мазкур соҳаларда моддий-техник таъминот, тендер ва харидлар жараёнида шаффофлик паст даражада бўлгани, айрим масъул шахслар томонидан тадбиркорлардан пора олиш, тендер ҳужжатларини қалбакилаштириш ҳамда тендерда сунъий ғолиб бўлиш каби ҳолатлар кузатилганлиги танқид қилинди. Ушбу масалалар бўйича вазирликларга бир қатор тавсиялар берилди.
Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.


