АСКУЭ ва АСКУГга пресс-тур ташкил қилинди
2024-04-20 21:30:00 / Матбуот анжуманлари

Бугун, 20 апрель куни Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими марказлари (АСКУЭ ҳамда АСКУГ)га пресс-тур ташкил қилинди.
Хабарингиз бор, 1 майдан бошлаб аҳоли истеъмолчилари мамлакатимиз тарихида биринчи марта энергоресурслар учун ижтимоий норма асосида табақалаштирилган тартибда ҳақ тўлай бошлашади ва буни “ақлли” ҳисоблагичлар амалга оширади.
Хўш, мазкур ҳисоблагичлар қанчалар “ақлли”? Эртага тизимда янгиланишлар қўлланилгач, бу борада аҳолига қандайдир муаммолар туғилмайдими? Ўсувчан табақалаштирилган тарифни аниқлашда қайси дастурлар асосида маиший истеъмолчиларнинг кундалик харажати ажратиб олинади? Аҳоли учун тизим ташкилотлари веб-сайтларида бу борада қанақа қулайликлар яратилмоқда? Пресс-тур иштирокчилари ушбу марказларга ташрифлари чоғида бу ҳақда тажрибали мутахассислардан батафсил маълумот олдилар.
Шу билан бирга, пресс-тур иштирокчилари “АСКУЭ” ва “АСКУГ” тизимларининг самараси, электр энергияси, табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминотини рақамлаштириш жараёнлари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида йўлга қўйилган юмушлар, истеъмолчилар учун яратилган қулайликлар ва соҳадаги бошқа янгиликлар билан танишдилар.









