#расмий_муносабат
2026-05-15 15:10:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқлар ва айрим интернет нашрларида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида топилган даҳма икки йилдан буён қаровсиз қолгани юзасидан хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат бўйича Маданий мерос агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
2024 йилнинг август ойида фуқаролар томонидан вилоятнинг Пастдарғом тумани Қайрағоч қишлоғида даҳма қолдиқлари аниқлангани ҳақида Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига мурожаат келиб тушган. Шундан сўнг ҳудудга Самарқанд археология институти мутахассислари жалб этилиб, топилма юзасидан илмий-тадқиқот ва ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар давомида топилманинг тарихий, археологик ва маданий аҳамияти илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда белгиланган тартибда Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган. Илмий-эксперт кенгашининг 2025 йил 15–18 апрель кунлари ўтказилган 7-сон йиғилиши баёнининг 11-бандига асосан Қайрағоч қишлоғидаги қадимий қабристон ҳудуди ва қабр тошини диққатга сазовор жой сифатида маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритиш учун етарли илмий ва ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги сабабли объектни рўйхатга олиш рад этилган.
Мазкур қарор объектнинг маданий мерос мақомини олиш учун зарур бўлган илмий мезонлар ва амалдаги қонунчилик талаблари асосида қабул қилинган бўлиб, топилма юзасидан барча ўрганиш ва экспертиза жараёнлари белгиланган тартибда амалга оширилганини маълум қиламиз.
Аввалроқ мазкур топилманинг тарихий аҳамиятини аниқлаш мақсадида Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётгани ҳамда қабр тошини маданий мерос объекти сифатида муҳофазага олиш учун етарли илмий ва ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги ҳақида расмий хабар берилган эди.
