Қатарнинг Ҳамад бин Ҳалифа университети билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2024-08-22 10:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Вазир мамлакатимизда фаолияти йўлга қўйилган хорижий олий таълим муассасалари филиалларига алоҳида урғу бериб, икки мамлакат талабаларининг алмашинуви муҳимлигини айтиб ўтди. Қатарнинг туризм соҳасидаги тажрибаси эътироф этилган ҳолда айнан туризм соҳасида таҳсил олаётган талабаларимизнинг Қатарнинг йирик меҳмонхоналарида дуал таълим дастурлари доирасида малака ошириш масаласини ўрганишга келишилди.
Аҳмад Ҳаснаҳ ўз навбатида Ҳамад бин Ҳалифа университетининг Қатарда таълим маркази деб эътироф этилганини таъкидлаб, бу ерда ўзбек тадқиқотчи ва ёш олимлари малака оширишлари мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
– Биз учун инновацияларни ривожлантириш асосий вазифалардан бири бўлиб, ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, – деди А.Ҳаснаҳ.
Вазир ўз ўрнида икки мамлакат ўртасида илмий лойиҳалар танловларини эълон қилиб, уни тенг молиялаштириш таклифини билдирди.
Учрашув якунларига кўра томонлар ҳамкорлик юзасидан қўшма комиссия ташкил этиб, устувор йўналишларни белгилаб олишга келишдилар.






