КЕЧАГИ КУН ХАТОЛАРИ – БУГУНГА САБОҚ
2024-08-22 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Август ойи охирламоқда. Бундан қарийб етти йил муқаддам, шундай кунларда “пахта терими”га тадорик кўрилиб, қишнинг қировли кунларигача пахта даласидан бери келмас эканмиз-да, деган хадик ҳаммамизнинг юрагимизни хавотирга соларди.
Негаки, талабалар ўқиш ўринга йилнинг тўртдан бир қисмини пахта далаларида ўтказарди. Чекка ҳудудларда пахта теримчиси бўлмаса, талабалар автобусларда ташилиб, эски уйлар ва ташландиқ биноларда яшашга мажбур қилинарди. Кузнинг рутубатли кунлари заҳри ва кўсаклар чаноғидан талабаларнинг қўллари қадоқ бўлиб, бармоқлари ёрилиб кетарди. Ўша кезларда баъзи талабалар пахтага чиқмагани учун ўқишдан ҳайдалишгача бориб етган. У пайтлар инсон қадри тугул ёшлар келажагини, тақдирини белгиловчи таълим сифатига ҳам бефарқ қаралар эди, десак хато бўлмайди.
Чиндан ҳам аграр сиёсат учун сифатли таълимдан кўра, пахта терими долзарб масала бўлган. Мамлакат тараққиёти учун ўқувчилар, талабаларнинг таълим олиши эмас, пахта хирмонлари, яъни жаҳон бозорига пахта хомашёси етказиб бериш устувор аҳамиятга эга эди. Ўзимиз мустақил мамлакат бўлсак-да, эскича маъмурий бошқарув, эскича қарашлардан воз кечолмагандик.
Бундан ўз манфаати йўлида фойдаланган ташқи манбалар Ўзбекистонни фуқароларини эксплуатация қилувчи аграр давлат сифатида қоралаб, бонг урарди. Натижада бойкот эълон қилиниб, Ўзбекистонга инвесторлар томонидан инвестициялар киритилмади, бунинг оқибатида саноат суст ривожланди, демографик ўсишга нисбатан қўшимча қиймат яратилмади. Бу ҳолатни мустақил давлатда иқтисодий турғунлик даври деб аташ мумкин.
Янги руҳ, янги илиқ нафас
Ўзбекистонда пахта йиғим-терими ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар нафақат минтақавий, балки халқаро ҳамжамиятлар томонидан узоқ йиллардан бери муҳокама қилиниб келинган, хусусан, 1991–2015 йиллар оралағида бу масалага панжа орасидан қаралиб, фақат сўнгги етти йилдагина бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан давлат раҳбари сифатида “халқни рози қилиш” тамойили асосида конструктив улкан ислоҳотларга қўл уриши баробарида, пахта етиштириш ва йиғим-терим жараёнларини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратди. Халқаро стандартларга мувофиқ пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга чек қўйиш мақсадида тезкор қонунлар қабул қилинди ва амалий ижрога йўналтирилди. Жумладан, пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб этиш амалиёти бекор қилинди ҳамда меҳнат қонунчилигига доир халқаро стандартлар ҳаётимизга изчил татбиқ этилди.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда 2016 йилни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тарихий бурилиш йили бўлди, деб айта оламиз. Хусусан, давлатимиз раҳбари Самарқандда фермер-деҳқонлар билан учрашув чоғида фермерларнинг пахта етиштириб, даромад кўрмаётгани ва талабалар мажбурий меҳнатга жалб этилганини “азоб”, деб атаган эди.
Мазкур учрашувда пахта етиштириш ва териш муаммоларига алоҳида эътибор қаратилиб, хомашёнинг харид нархи 40 фоизга оширилгани, толаси энди хомашё сифатида экспорт қилинмаслиги, кластерлар томонидан тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқарилиб, тайёр маҳсулот сифатида халқаро бозорларга чиқиш, қўшимча қиймат яратиш кўзланган эди.
Пахта йиғим-терими мавсумини амалдаги қонунчиликка мувофиқ тарзда, фуқаролар манфаатини устун қўйган ҳолда ташкил этиш борасида зарур кўрсатмалар оддий сиёсий қадамлар эмас, инқилобий ўзгаришларнинг илиқ нафаси эди.
Ҳуқуқий ислоҳотлар самараси
2015 ва 2016 йилларда Жаҳон Банкининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига киритган инвестиция ҳажми 518,75 миллион долларга тенг бўлган. Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон Банкига лойиҳалар билан боғлиқ ҳудудлар ва жойларда мажбурий ҳамда болалар меҳнатидан фойдаланмасликка ваъда берган.
Халқаро ҳамжамият томонидан 2015 йилда ушбу келишув талаблари бузилгани ҳақида эътирозлар келиб тушган. Давлатимиз раҳбарининг очиқ-прагматик туб ислоҳотлари сабабли 2016 йилда бу ҳолатларга мутлақ чек қўйилиб, халқаро интеграциялашув жадал суръатлар билан ўса бошлади.
Натижада 2021 йилда мамлакатимизга тўғридан-тўғри инвестициялар кириб келиши 2,3 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 2,6 миллиард долларгача ўсди. Иқтисодий рақамлардаги катта фарқдан кўриниб турибдики, янги Ўзбекистон даврида олиб борилаётган очиқ-прагматик ислоҳотлар мамлакатни аграр саноатлашган давлатдан жадал ўсиб бораётган индустриал саноатлашган мамлакатга айлантира олди.
Бунга шаффоф демократик ислоҳотлар пойдевор бўлди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мажбурий меҳнатга барҳам беришда мутлақ амалий ижрони таъминлади. Мазкур қарор пахта теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилиб, давлат органларининг бу борадаги масъулиятини кучайтирди. Пахта йиғим-терими мавсумида ихтиёрий теримчилар учун шарт-шароит яратишни назорат қилиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик бўйича миллий мониторинг йўлга қўйилди.
Мониторинг натижаларига кўра, пахта йиғим-теримига мажбурий жалб қилганлик учун маҳаллий раҳбарлар ва давлат хизматчиларига нисбатан жиддий чоралар кўрила бошланди. Бу, ўз навбатида, мажбурий меҳнат амалиёти камайишига олиб келди. Иккинчидан, мажбурий меҳнатга қарши курашиш учун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ахборот кампаниялари ташкил этилди. Мутасадди ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари орқали аҳолига ўз ҳуқуқлари ҳамда мажбурий меҳнатнинг ноқонунийлиги тўғрисида маълумотлар тарқатилди. Учинчидан, халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) ва Жаҳон Банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатни бартараф этишга қаратилган қатор дастурлар амалга жорий қилинди. Бундай ҳаракатлар мамлакатнинг пахта етиштириш соҳасидаги халқаро имижини яхшилашга ёрдам берди.
Улкан ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб, халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда пахта теримида ўқувчилар ва талабаларни мажбурий меҳнатга жал қилишга чек қўйилганини эътироф эта бошлади. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларини тан олган ҳолда, мамлакатнинг пахта саноатидаги шароитларни яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, турли молиявий дастурларда ҳамкорликни йўлга қўйди, мамлакатимизда инвестицион жозибадорлик оша борди.
Пахта саноатидаги ислоҳотлар иқтисодий ривожланишга ёрдам берди. Ишлаб чиқариш жараёнини самаралироқ ташкил этиш орқали ҳосилдорлик ошди, экспорт салоҳияти кенгайди ва пахта етиштириш жараёнида юқори қўшимча қиймат яратишга йўналтирилган янги дастурлар ишлаб чиқилди. Бу нафақат пахтачилик соҳасини, балки бутун қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ёрдам берди.
Пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва терим нархларининг барқарорлашиши, айниқса, қишлоқ жойларидаги ишчи кучи учун муҳим ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлди.
Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатдан халос бўлиши халқаро майдонда мамлакатнинг обрўсини оширди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатга инвестициялар кириши ва савдо муносабатларининг яхшиланишига олиб келди. Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш борасидаги ютуқларини юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг “Generalised System of Preferences” (GSP+) дастури доирасида Европага экспорт қилиш имкониятлари кенгайди.
ОТМлар кўпайиши ва таълим сифатининг ошиши –
очиқ-демократик ислоҳотлар ҳосиласи
Дунё мамлакатлари аҳолиси қаерда инсон ҳуқуқлари ва қадри таъминланган бўлса, ўша мамлакатга ташриф буюради, қўшни давлатлар у ерда ўз фарзандларини ўқитишга интилади.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари “инсон қадри учун” тамойили асосида дунёга бўй чўзди. Буни 2016 йилдан кейин олий таълимда эришилган ютуқларда кўриш мумкин. Хусусан, 2016 йилдан сўнг мамлакатимиз олий таълим муассасалари ARWU – The Academic Ranking of world Universities, THE – Times Higher Education, QS – Quacquarelli Symonds World University Rankings каби халқаро ташкилотлар рейтингида 1000 таликдан жой ола бошлади. Натижада Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони кескин ўсди, хусусий шериклик шакли таълим соҳасига ҳам кириб келди. Айни пайтда давлат ва нодавлат ОТМлари сони кескин кўпайди. 1991 йилда юртимизда олий таълим муассасалари сони 52 та, 2000 йилда 61 та, 2010 йилда 65 та ва 2016 йилда 77 та эди. Айни пайтда 210 тани ташкил этмоқда. Сўнгги 7 йилда ОТМлар сони ортиши 2 бараварга ортгани халқаро интеграциялашув ўсганини кўрсатади.
Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мажбурий меҳнат таълим сифатига қай даражада салбий таъсир қилгани аниқ кўрсатиб берилган. Мазкур қарорда 2017 йилгача бир қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият қониқарсизлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжудлиги айтилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмагани, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибалар жорий этилмагани, айниқса, истиқболли педагог ва илмий ходимлар хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларида стажировкадан ўтказилмагани ва малакасини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмагани қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош олий таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари яқиндан йўлга қўйилмагани, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-услубий материаллар кенг жорий этилмагани, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимлари жалб этилмаганига танқидий баҳо берилган.
Мамлакатимиз иқтисодиёти ва олий таълими ўз қобиғида қолиб кетиши натижасида янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш ва олий таълим тизимига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-услубий ва илмий адабиётлар билан таъминлаш халқаро талаблар доирасида йўлга қўйилмаган эди.
Шу даврда педагог кадрларнинг касб малакаси, маҳоратини сифат жиҳатидан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш ва олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб эта бошлади.
Ўзбекистоннинг пахта саноатини модернизация қилиш ва мажбурий меҳнатдан халос бўлишдаги тарихи ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва келажак-авлод таълими учун тарихий бурилиш йўли бўлди.
Олтин ўрталиқда ривожланиш пиллапоялари
Сўнгги етти йилда мамлакатимиз иқтисодиёти илм-фанга асосланган инновацион ривожланиш босқичига қадам қўйди. Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингига кўра дунёнинг 50 та етакчи давлатлари таркибига киритиш бўйича улкан мақсадга эришиш учун инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди. Мазкур мақсад илм-фандаги тегишли меъёрий-ҳуқуқий база билан тартибга солинадиган туб таркибий, ташкилий, молиявий ҳамда кадрлар ва инфратузилмага оид ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган. Мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлик даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади ва буни амалга оширишда олий таълим тизими муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, йўналишлар ва ўқитиладиган фанларни қайта кўриб чиқиш, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини икки баробар қисқартириш, ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланди.
Юртимизда таълим соҳаси учун кадрлар тайёрлаш сифатига эътиборни кучайтириш, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, педагогик таълим инфратузилмасини яхшилашга устувор вазифа сифатида қарамоқда. Ўтган давр мобайнида иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, янги, шу жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасалари ташкил қилинди. Замонавий ўқув босқичлари жорий этилиб, талаб юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасасалари, шу жумладан, нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиаллари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш режалаштирилган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш, шубҳасиз, тизим олдига қатор вазифаларни қўяди. Мамлакатни модернизация қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш учун халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бугунги кун олий таълим тизимининг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган яқин йилларда олий таълим муассасаларининг фақатгина қамрови оширилгани йўқ. Аксинча, талабаларнинг билим савиясини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда юртимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар хоҳлаган профессор-ўқитувчи дарсларида онлайн равишда иштирок этиш имконияти бор.
Рақамлаштиришдаги ислоҳотлар самарасида абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилиш масофадан туриб амалга оширилмоқда. Вақт, ота-она харажати ва бошқа омиллар тежалмоқда. Бундан ташқари, ўқишга кириш учун турли муассасалардан маълумотномалар йиғиш ва бошқа инсон омили мавжуд жараёнлар уйда ўтириб бажарилиб, коррупциясиз таълим шаклланмоқда.
Провард мақсадлар кўзланган йўл
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан халос бўлиш жараёни ва хомашёни ўзимизда ишлаб чиқариш йўналишидаги кластер, кооперация ислоҳотлари мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида янги даврни бошлаб берди. Ҳар бир қадам, ҳар бир ислоҳот юртимизнинг глобал майдондаги мавқеини мустаҳкамлади, ижтимоий барқарорликни таъминлади ва иқтисодий ўсишга туртки берди.
Таълим сифатига жамиятни ривожлантирувчи омил ва ҳаракатлантирувчи куч сифатида қаралиб, илм-фан камбағаллик, ижтимоий тенгсизликка қарши курашишда амалий восита сифатида майдонга чиқди.
Мухтасар қилиб айтганда, берилган тарихий имкониятлардан самарали фойдаланилган ҳолда, олий таълим сифатини халқаро стандартлар асосида кучайтириш, талаба-ёшларнинг қалби ва онгига ватанпарварлик ғоясини сингдириб, халқимизнинг юксак салоҳияти ҳамда инсонпарварлик анъаналарига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга.
Айниқса, бугун мамлакатлар тараққиётида таълим сифатини муҳандислик технологияларига интеграциялашган ҳолда тараққий эттиришга устувор вазифа сифатида қаралиши Ўзбекистон учун ҳам намуна бўлиб, сўнгги йилларда таълим соҳасида ўтгазилган туб ислоҳотлар самарасидир.
Давлатимиз раҳбарининг олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлаш, талабалар ва тадқиқотчиларнинг жаҳондаги илғор таълим ресурслари, илмий адабиётлар ва маълумотлар базаси билан ишлашга рағбатлантириш ташаббуси олий муҳандислик мактабларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш ташаббуси йўқотилган йиллар ва имконияларни қайта тиклашга хизмат қилади.
Зеро, кенг кўламли янги Ўзбекистон феноменидаги туб ислоҳотлар 2030 йилгача кўзланган улкан марраларга етишиш ва узоқ истиқболдаги пировард мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
олий таълим, фан ва инновациялар вазири

