Бухорода аҳоли даромадларини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди
2026-11-04 12:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Бухорода одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб киридиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар амалга оширилишини таъкидлади.
Натижада вилоятнинг барча туманлари ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Йиғилишда масъулларга хорижда кам иш ҳақига ишлаётган юртдошларимизни касбга ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштириш, 270 минг нафар аҳолининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режа ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, вилоятдаги оилаларнинг уй-жойга эҳтиёжини қондириш мақсадида турар жой массивлари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.


