Меҳнат миграцияси, хориждан қайтган фуқаролар бандлиги ва хорижликларнинг меҳнат фаолиятига оид вазифалар белгиланди
2026-11-02 14:00:00 / Вазирлик янгиликлари
2026 йил 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда фуқароларни хорижда муносиб иш ўринларига йўналтириш, четдан қайтган юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Хорижда муносиб меҳнат қилиш учун касбий тайёргарлик муҳим
Йиғилишда давлатимиз раҳбари жаҳон меҳнат бозорида юз бераётган ўзгаришларга эътибор қаратди. Бугунги кунда дунёда 168 миллион киши хорижда меҳнат қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар мавжуд бўлиб, бошқа давлатларда ишчи кучига талаб юқорилигича қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мавжуд имкониятларни ўзаро боғлаш, фуқароларни хорижда муносиб иш ўринларига йўналтириш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидланди.
"Инсон ўз касбини пухта эгалласин, ўз қадрини билсин, ўз юртига таяна олсин!" — деди Президентимиз.
Бугунги кунда фуқароларнинг замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ваучер тизими ташкил этилган. Мазкур тизим орқали фуқаролар бепул таълим олиб, меҳнат бозори талабларига мос касбий малакаларни эгаллаш имкониятига эга.
Хориждан қайтган фуқароларнинг билим ва тажрибасидан самарали фойдаланилади
Йиғилишда миграциядан қайтган фуқаролар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил бошидан буён 1 миллион 116 минг нафар фуқаро хориждан қайтган. Улар орасида Германия, Буюк Британия, Корея, Япония ва Россияда саноат, қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор.
Президент хорижий давлатларнинг йирик саноат корхоналарида ишлаб, замонавий технологиялар ва меҳнат маданиятини ўзлаштирган мутахассислар мамлакатимиз корхоналари учун катта имконият эканини таъкидлади.
Шу муносабат билан ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига хориждан қайтган фуқароларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш, уларнинг билим ва тажрибасидан самарали фойдаланиш вазифаси юклатилди.
Бунинг учун хориждан қайтган фуқароларнинг аввалги иш жойи, касби ва меҳнат стажи ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи платформа яратилади. Мазкур платформа ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади.
Шунингдек, йил якунига қадар 250 минг нафар фуқарога муносиб иш топиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганларга зарур кўмак ва шароитлар яратиш вазифаси белгиланди.
Хорижий фуқароларнинг яшаш ва меҳнат фаолияти мониторинг қилинади
Йиғилиш давомида Ўзбекистонда узоқ муддат яшаётган хорижий фуқароларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатимизда узоқ муддат яшаётган хорижий фуқаролар сони 250 минг нафарга яқинлашган. Уларнинг 36 минг нафари ишлаш учун рухсатнома олган, 24 минг нафари эса талабалардир.
Давлатимиз раҳбари хорижий фуқароларнинг фаолияти ва даромад манбалари тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлиш муҳимлигини қайд этди. Шу билан бирга, янги иш ўринларига биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларини жойлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга мамлакатимизга узоқ муддатга келган хорижий фуқароларнинг яшаш ва иш жойини мониторинг қилиш платформасини бир ой муддатда ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда белгиланган вазифалар фуқароларни муносиб иш билан таъминлаш, хорижда орттирилган касбий салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда меҳнат миграцияси жараёнларини тизимли ташкил этишга қаратилган.
