Фарзанди бор ота-оналар учун қўшимча таътил
2026-11-03 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари
4 ноябрдан мактабларда кузги таътил бошланмоқда. Фарзандлар таътилда бўлган пайтда улар билан кўпроқ вақт ўтказишни истаган ота-оналар учун қонунчиликда имкониятлар белгиланган.
Меҳнат кодексининг 401 ва 402-моддаларига кўра, айрим тоифадаги ота-оналар ҳар йили қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга.
Кимлар фойдаланиши мумкин?
12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналардан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс).
Қандай таътиллар берилади?
Ҳар йили камида 4 календар кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил.
Ота-оналардан бирининг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календар кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил.
Муҳим жиҳатлар:
▫️Ушбу таътиллар йиллик меҳнат таътилига қўшиб ёки иш берувчи билан келишилган ҳолда алоҳида (тўлиқ ёки қисмларга бўлиб) олиниши мумкин.
▫️Таътиллардан фақат тегишли иш йили давомида фойдаланилади. Фойдаланилмаган таътиллар кейинги иш йилига кўчирилмайди.
▫️Ҳақ тўланадиган қўшимча таътил пулли компенсацияси билан алмаштирилмайди.
