Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026 йил 9 ойлик фаолияти натижалари муҳокама қилинди
2026-10-28 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2026 йил 9 ойлик фаолияти натижалари муҳокама қилинди
2026 йил 28 октябрь куни ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг жорий йил 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик раҳбарияти, марказий аппарат таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар юзасидан маълумот берди.
Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назорат ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
2026 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайди. Камбағалликдан холи маҳаллалар сони эса 3 627 тага етди.
Ҳисобот даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш йўналишида ҳам қатор натижаларга эришилди. Жумладан, 824 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 4 миллиондан ортиқ нафар аҳолининг даромадини оширишга кўмаклашилди ҳамда 980 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги расмийлаштирилди.
Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш йўналишида 96 мингдан ортиқ фуқаро ўқитилиб, битирувчиларнинг қарийб 45 минг нафари иш билан таъминланди.
Аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги чора-тадбирлар натижасида "Ижтимоий реестр"даги даромади ошган 440 мингта оила реестрдан чиқарилди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Тадбир Ренессанс ТВ ҳамда вазирликнинг расмий YouTube канали орқали жонли эфирда ёритилди.


