Давлатимиз раҳбари Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган "Касблар шаҳарчаси" фаолияти билан танишди.
2026-10-21 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Йил якунига қадар 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари стажировкага кетаётган бир гуруҳ ёшлар билан суҳбатлашди.
– Барча саъй-ҳаракатларимиз сизлар касб эгаллашингиз учун. Касбли бўлсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсизлар. Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар. Бугун сизларга шундай имконият бериляпти. Ундан тўғри фойдалансангиз, ўзингиз, фарзандларингиз ва невараларингиз учун фаровон ҳаётга замин яратасизлар. Шунинг учун бир дақиқангиз ҳам бекор ўтмасин, – деди Президентимиз.
Суҳбатда мактаб давриданоқ касб ва тил ўргатишга эътибор бериш зарурлиги ҳам таъкидланди. "Касблар шаҳарчаси" шу мақсадда мактаб ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятини барвақт аниқлаш, уларни касбга йўналтириш учун ташкил этилган.






