Қашқадарёда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича янги вазифалар белгиланди
2026-10-22 11:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва янги даромад манбаларини яратишга қаратилган ишлар билан танишилди. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ушбу йўналишдаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Йиғилишда бир неча йил аввал энг мураккаб вазиятдаги ҳудудлардан бири бўлган Қашқадарё вилоятини жорий йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилингани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ушбу натижага эришиш учун аниқ ҳисоб-китоблар мавжудлигини қайд этди.
Ташриф давомида Қамаши туманидаги Чим маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар билан танишилди.
Хусусан, хотин-қизлар меҳнат қилаётган гиламчилик ва кашталачилик корхонасига 3,5 миллиард сўм инвестиция киритилган. Банклар кўмагида 20 га яқин хонадонда 36 сотих майдонда иссиқхоналар ташкил этилиб, маҳсулотларни сақлаш учун 200 тонналик совитиш омбори барпо қилинган. Натижада 80 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Маҳаллада кооперация асосида лимончилик ҳам ривожлантирилмоқда. Аҳолига кўчат, ўғит ва агротехник хизматлар етказиб берилади, етиштирилган ҳосил кафолатланган нархда сотиб олинади. Лимон кўчатлари орасига картошка, брокколи ва кўкатлар экилиши ҳисобига дарахтлар ҳосилга киргунига қадар ҳар бир иссиқхонадан 14–16 миллион сўм қўшимча даромад олинмоқда.
Йиғилишда саноат корхоналари фаолиятини кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхонага эга "Султонтекс" кластери раҳбари Нурбек Эргашевнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар учун кўпроқ имконият яратиш режаларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида аҳоли даромадларини ошириш бўйича мавжуд имкониятлар кўриб чиқилди. Қашқадарё вилоятида ушбу соҳанинг ўзида қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Шу мақсадда Жаҳон банки билан ҳамкорликда Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчилик ва шўрга чидамли чорва озуқаси экиш бошланади.
Ташриф давомида ҳудудда тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Жумладан, "Султонтекс" кластери раҳбари Нурбек Эргашевга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор" фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармон имзолангани маълум қилинди.
Шунингдек, Қамаши туманидаги Чим маҳалласида сулолавий лимончилик мактабини яратиб, аҳоли даромадларини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманноп Худойбердиевга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" фахрий унвони берилиши билдирилди.
Мазкур лойиҳалар ва белгиланган вазифалар Қашқадарё вилоятида аҳоли бандлигини кенгайтириш, янги даромад манбаларини шакллантириш ҳамда камбағаллик ва ишсизликни қисқартиришга қаратилган.





