Жаҳон банки: Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш суръатлари бўйича дунёдаги етакчилар қаторида
2026-09-22 19:00:00 / Пресс-релизлар
Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг «Ўзбекистонда камбағаллик ва тенгликни баҳолаш: Фаровонликка эришиш ва барча учун имкониятларни кенгайтириш сари» номли янги ҳисоботини тақдим этди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистон сўнгги йилларда ўрта даромадли мамлакатлар орасида камбағалликни қисқартиришда энг юқори кўрсаткичларга эришган давлатлардан бирига айланди. Даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар учун белгиланган камбағаллик чегараси бўйича, камбағалликнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги умумий қисқаришининг қарийб 40 фоизи айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Камбағаллик энди асосан қишлоқ ҳудудларига хос ҳодиса эмас: қишлоқ жойларида камбағалликнинг тезроқ қисқариши қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги камбағаллик даражасидаги фарқни деярли бутунлай йўққа чиқарди.
Ҳисобот Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда тақдим этилди, сўнгра Хоразмда минтақавий тадбир ўтказилди. Тадбирларда вазирликлар ва идоралар вакиллари, тараққиёт ҳамкорлари, илмий-тадқиқот доиралари, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, миллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ҳисобот хулосалари ва тегишли йўналишлардаги давлат сиёсати бўйича тавсияларни муҳокама қилдилар.
«Ҳисобот натижалари сўнгги йилларда бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасидаги оилалар учун реал натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Вазирлик муносиб иш ўринларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ишларини давом эттиради, токи камбағалликни қисқартиришдаги эришилган ютуқлар барқарор бўлиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олсин», — деди Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Захидов.
Камбағаллик чегарасида яшовчилар улуши 2021 йилдаги 17,0 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача камайди, яъни ушбу даврда қарийб 3,7 миллион киши камбағалликдан чиқди.
Ушбу жараённинг асосий омиллари бандликнинг ўсиши ва иш ҳақининг ошиши бўлди. Энг камбағал уй хўжаликларидаги эркакларнинг маошли ишдаги улуши 2022–2025 йиллар оралиғида икки бараварга ошиб, 18 фоиздан 46 фоизга етди.
Шу билан бирга, кам таъминланган ишчилар учун иш ҳақи барқарор ўсиб борди — давлат ва хусусий секторда реал кўрсаткичларда йилига камида 11–12 фоизга. Бандликнинг кенгайиши ва иш ҳақининг ошиши биргаликда камбағалликнинг 9 фоиз пунктга қисқаришига олиб келди, ижтимоий суғурта эса яна 2,0 фоиз пункт қисқаришга ҳисса қўшди.
Бу ўзгаришлар жадал ўсиб бораётган ўрта синф билан бир вақтда амалга ошди: 2019–2024 йиллар оралиғида Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми, яъни 44 фоизи, юқорироқ иқтисодий тоифага ўтди. Ўрта синф деярли икки баробарга ошди, 2021 йилдаги аҳолининг 37 фоизидан 2025 йилда 72 фоиздан ортиғига етди. Бу ютуқлар Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб ўртачадан юқори даромадли мамлакат мақомига эришиш мақсади билан бевосита боғлиқ.
«Ушбу салмоқли натижалар иқтисодий ўсиш иш ўринлари яратилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг ошишига олиб келганда нималарга эришиш мумкинлигини кўрсатади», — деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёда минтақавий амалиёт директори Абебе Адугна. — «Кейинги вазифа — Ўзбекистондаги барча одамлар, қаерда яшашидан, жинсидан ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, хавфсиз ва фаровон ҳаёт қуриш учун зарур бўлган кўникмалар, хизматлар ва имкониятлардан фойдалана олишини таъминлашдан иборат».
Шу билан бирга, ҳисоботда таъкидланишича, эришилган прогрессни сақлаб қолиш учун унинг афзалликлари барча аҳоли ўртасида янада тенг тақсимланиши зарур. Юқори маошли ишлардан ва юқори турмуш даражасидан фойдаланиш имконияти мамлакат бўйлаб бир хил эмас — сезиларли имкониятлар ҳамон Тошкент ва бир нечта шаҳар марказларида тўпланган.
Ҳисоботда, шунингдек, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш нафақат тенглик масаласи, балки камбағалликни янада қисқартириш учун ҳам зарур шарт экани таъкидланди. Аёллар меҳнат бозорига кирган тақдирда ҳам, соҳа ва малака даражасидан қатъи назар, эркакларга нисбатан 35–40 фоиз кам иш ҳақи олишади.
Жараённи мустаҳкамлаш учун ҳисоботда қуйидагилар тавсия этилади:
- иш берувчилар талаб қиладиган сифатли таълим ва кўникмаларга сармоя киритиш;
- аёллар бандлигини қўллаб-қувватлаш учун болалар парваришига оид хизматларни кенгайтириш;
- ортда қолаётган туман ва маҳаллаларда ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни ва давлат хизматларини яхшилаш;
- энг эҳтиёжманд гуруҳларга йўналтирилган қўллаб-қувватлашни аниқроқ белгилаш орқали ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш.
«Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш билан чекланиб қолмасдан, барқарор иқтисодий имкониятлар яратиш ва ўрта қамламни мустаҳкамлаш сари ҳаракатланмоқда», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин. — «Эришилган натижанинг барқарорлигини таъминлаш ва уни мамлакатнинг ҳар бир вилояти, тумани ҳамда маҳалласига тарқатиш учун инсон капиталига сармоя киритиш, меҳнат бозорига борган сари юқори малака билан кираётган ёшлар учун иш ўринлари яратиш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни ошириш ва самарали ижтимоий ҳимоя тизими ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади».
Асосий кўрсаткичлар
- Ўзбекистонда камбағаллик даражаси: 17,0% (2021) → 5,8% (2025).
- 3,7 миллион киши 4 йилда камбағалликдан чиқди.
- Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги камбағалликнинг умумий қисқаришининг қарийб 40 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.
- Қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги камбағаллик даражасидаги фарқ деярли йўққа чиқарилди.
- Ўрта қатлам икки баравардан кўпроққа ошди: 37% → 72%+ (2021–2025).
- Аҳолининг 44 фоизи юқорироқ иқтисодий тоифага ўтди (2019–2024).
- Энг камбағал оилалардаги эркакларнинг маошли ишдаги улуши: 18% → 46% (2022–2025).
- Иш ҳақи йилига 11–12% реал ўсишни кўрсатди.
- Аёллар бир хил малакада эркакларга нисбатан 35–40% кам маош олади.
- Ўзбекистоннинг мақсади — 2030 йилга бориб ўртачадан юқори даромадли мамлакат мақомига эришиш.
