Президентимиз тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди
2026-08-18 15:25:00 / Вазирлик янгиликлари

– Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз. Ҳар бир лойиҳанинг самараси фақат технологияга эмас, уни ишлата оладиган малакали кадрларга боғлиқ, — деди давлатимиз раҳбари.
Урганчда Германия ва Хитой тажрибаси асосида ўқувчиларни «яшил» энергетика, қурилиш, ҳамширалик, агрономлик, электротехника каби 10 турдаги касбга йўналтириш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тажриба республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Техникум ташкил қиладиган ёки давлат техникумини олиб халқаро стандарт асосида кадр тайёрлайдиган тадбиркорларнинг харажатлари солиғидан чегириб берилади. Шу тизим орқали 1 миллион ёшни замонавий касбларга ўргатиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсад қилинган.
Президентимиз иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосий мақсадларни белгилаб берди.
– Биз 40 миллионли халқмиз. Одамларимиз ҳаётини янада яхшилаш учун юқори иқтисодий ўсишни сақлаб қолишимиз зарур, — деди давлатимиз раҳбари.
Жорий йилда ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни 40 миллиард доллардан ошириш маррасi қўйилган. Бунинг учун тадбиркорларга юқори даромадли иш ўринлари, қўшилган қиймат ва ташқи бозорларни кенгайтириш учун барча шароитлар яратиб борилади.
– Ана шунда одамларимиз четга чиқиб ишлашига зарурат қолмайди, Янги Ўзбекистон тадбиркорлари янги ривожланиш босқичига чиқади. Ишончим комил, бунга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади! — деди давлатимиз раҳбари.


