Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш натижалари
2026-07-15 12:30:00 / Матбуот анжуманлари

Бугунги брифингда вазирлик томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси режалар ҳақида маълумот берамиз.
Фуқаролар мурожаати давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳоловчи муҳим мезон ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ҳар бир мурожаат қонунчилик талаблари асосида, холис ва адолатли кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Жорий йилнинг шу даврига қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг тизимига 54 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга камдир. Мурожаатларнинг асосий қисми электрон шаклда қабул қилинган бўлиб, Президентнинг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Касаба уюшмалари федерaцияси, вазирликнинг ишонч телефони ва бошқа манбалар орқали келиб тушган.
Мазкур мурожаатларнинг 71,2 фоизи ижобий ҳал этилди, қолганларига эса амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтиришлар бериш орқали ечим топилди.
Таҳлиллардан шуни кўриш мумкинки, мурожаатларнинг асосий қисми меҳнат ҳуқуқлари, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига тўғри келмоқда. Шунингдек, уларни ичида электрон меҳнат дафтарчаси, касб-ҳунарга ўқитиш, томорқа ер ва деҳқон хўжаликлари билан боғлиқ мурожаатлар ҳам мавжуд.
Бугунги кунда Президент топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида вазирлкда мурожаатлар билан ишлаш тизими янада такомиллаштирилди. Махсус штаблар ташкил этилиб, аввал ҳуқуқий тушунтириш билан якунланган мурожаатлар қайта кўриб чиқилди ва минглаб фуқаролар масалалари ижобий ҳал этилди. Шунигдек, Қарши шаҳри тажрибаси асосида манзилли ишлаш механизми жорий этилди. Унга кўра, 100 дан ортиқ тизимли муаммо аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича чоралар белгиланди.
Мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш мақсадида тизимда назорат кучайтирилди, ҳудудларда хизмат текширувлари ўтказилди ҳамда масъул ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди.
6 ой давомида 80 дан ортиқ сайёр қабул ўтказилиб, уларда 3 мингдан ортиқ фуқароларнинг муаммолари кўриб чиқилди.
Фуқароларга қулайлик яратиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бўйича аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида “munosibmehnat_bot” электрон мулоқот платформаси ишга туширилди.
Шунингдек, вазирлик Ахборот хизмати билан тезкор мулоқот қилиш учун мўлжалланган @BV_press_bot орқали фуқаролар вазирлик фаолияти, медиа лойиҳалари, ахборот сиёсатига оид фикр-мулоҳазалари ва мурожаатларини юборишлари мумкин. Ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган сўров ва мурожаатларни автоматик мониторинг қилиш ва тезкор жавоб бериш мақсадида Community Manager функцияси самарали ишлаб тургани ҳам ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик тизимида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни тезкор қабул қилишга қаратилган (71) 203-01-22 ишонч телефони ҳам ишлаб турибди.
Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари давлат хизматлари самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида ҳам ушбу жараёнлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамлаштириш доирасида иш берувчилар ва иш қидирувчилар учун қулайлик яратган Osonish.uz ҳамда Mening ishim платформаларининг самарали фаолияти бунга мисолдир.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларии ёрдамида фуқароларнинг саволларига 24/7 режимида тез ва осон жавоб бериш тизимини яратиш бўйича ишлар ташкил этилмоқда.
Бу эса мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва инсон омили таъсирини қисқартириб, аҳолига янада қулай хизмат кўрсатиш имкониятларини тақдим этади. Шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун жавобларни овозли тарзда эшитиш функциясини жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, вазирликнинг call марказ хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш, альтернатив алоқа шаклини йўлга қўйиш, шунингдек, фуқаролардан энг кўп тушаётган мурожаатлар бўйича расмий тармоқлар орқали жонли эфир ва овозли чатларни мунтазам ташкил этиш чоралари устида амалий ишлар олиб борилмоқда. Айни дамда экранда чиқаётган ушбу куар код орқали чатга ўтиб, бандлик вазирлиги фаолиятига доир айнан қайси мавзу сизга қизиқлигини ёзиб қолдиришингиз мумкин. Энг кўп сўралган мавзу бўйича бир неча кун ичида жонли эфир ташкил қилинади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан мурожаатларни ўз вақтида, холисона ва сифатли кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни янада такомиллаштириш ҳамда рақамли технологиялар асосида мурожаатлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва унинг қонуний манфаатлари мужассам.
Бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини янада ошириш вазирликнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.
