Платформалардаги меҳнат: ким иш берувчи ва ким жавобгар?
2026-07-09 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Бу мавзу бугунги кунда меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги энг долзарб масалалардан биридир. Айниқса, Yandex Go, Uklon, MyTaxi, Express24, Uzum Tezkor, Wolt, Yango Delivery, Uber, Bolt, Glovo каби платформалар орқали ишлаётган миллионлаб шахсларнинг ҳуқуқий мақоми дунёнинг деярли барча давлатларида муҳокама қилинмоқда.
2026 йил июн ойида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан платформа иқтисодиёти учун тарихдаги илк халқаро стандарт, 193-сон Конвенция қабул қилинди. Мазкур Конвенция платформа ходимларининг меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янги халқаро мезонларни белгилаб берди.
Платформа ходими ким?
Платформа ходими – мобил илова ёки рақамли платформа орқали хизмат кўрсатадиган шахс. Масалан: такси ҳайдовчилари, озиқ-овқат етказиб берувчилар, курьерлар, фрилансерлар, уй хизматлари кўрсатувчилари, онлайн топшириқлар бажарувчилар.
Уларнинг асосий хусусияти, ишни илова орқали олади, иш вақти платформа алгоритми билан бошқарилади, рейтинг тизими мавжуд, даромади буюртмалар сонига боғлиқ ва кўп ҳолларда меҳнат шартномаси тузилмайди.
Айнан шу сабабли уларнинг ҳуқуқий мақоми кўплаб давлатларда баҳсли ҳисобланади.
Асосий муаммо нимада?
Платформалар одатда "биз иш берувчи эмасмиз, фақат воситачимиз" деган позицияни эгаллайди. Натижада, меҳнат шартномаси тузилмайди, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари татбиқ этилмайди, меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сифатида расмийлаштирилмайди, касб касаллиги ҳисобга олинмайди, суғурта тизими мавжуд эмас ҳамда касаба уюшмасига қўшилиш мураккаб. Бу эса ходимни деярли ҳимоясиз қолдиради.
Платформа ишчилари учун асосий хавфлар
Етказиб берувчилар учун – йўл транспорт ҳодисалари, ноқулай об-ҳаво шароитлари, иссиқ ёки совуқ уриши, йиқилиш, оғир юк кўтариш, зўравонлик ва ортиқча иш вақтлари.
Такси ҳайдовчилари – йўл транспорт ҳодисалари, чарчоқ, уйқусизлик, мижозлар тажовузи, талончилик, стресс, узоқ вақт ўтириш, бел ва бўйин касалликлари.
Платформа ишчилари билан бахтсиз ҳодиса содир бўлса ким жавобгар?
Платформаларда ишловчи шахс билан бахтсиз ҳодиса содир бўлганда жавобгарликни аниқлаш бугунги кунда меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги энг мураккаб масалалардан биридир. Бунга асосий сабаб, кўплаб платформалар ўзларини иш берувчи эмас, балки фақат рақамли воситачи сифатида кўрсатиши, хизмат кўрсатувчилар эса мустақил ижрочи ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритишидир.
Натижада, йўл-транспорт ҳодисаси, жароҳатланиш ёки хизмат вазифасини бажариш чоғида соғлиққа зарар етганда, жавобгарликни аниқлаш мураккаблашади.
Хорижий тажриба қандай?
Европа Иттифоқида 2024 йилда мазкур йўналишда алоҳида ҳужжат (Directive (EU) 2024/2831) қабул қилинган. Унга кўра, платформа назорат қилаётган бўлса ходим деб тан олиш, алгоритм устидан инсон назорати, сунъий интеллект қарорларини тушунтириш мажбурияти, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш, шаффоф рейтинг юритиш ва ноқонуний блоклашдан ҳимоя қилиш платформа мажбуриятлари сифатида белгиланади.
Испанияда курьерлар ходим деб эътироф этилади, меҳнат шартномаси тузилади, ишчилар суғурта қилинади ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш мажбурий ҳисобланади.
Буюк Британияда суд қарорлари асосида айрим платформа ҳайдовчилари минимал иш ҳақи, дам олиш вақтлари, таътил ва пенсия олиш ҳуқуқларига эга бўлади.
Францияда платформалар касбий суғурта қилиш, бахтсиз ҳодисадан ҳимоялаш, касбий тайёргарлик бўйича қўшимча мажбуриятларга эга.
Италияда курьерлар учун шахсий ҳимоя воситаларини бериш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўқитиш ҳамда ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилиш мажбурий ҳисобланади.
Халқаро меҳнат ташкилоти талаблари қандай?
2026 йилда қабул қилинган янги Конвенцияга кўра платформа ходимлари меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсиз меҳнат шароитлари, зўравонликдан ҳимояланиш, ижтимоий суғурта, адолатли ҳақ тўлаш, алгоритмларнинг шаффофлиги, сунъий интеллект қарорлари устидан шикоят қилиш, касаба уюшмаларига бирлашиш ва меҳнат мақомини тўғри аниқлаш кафолатларига эга бўлиши керак.
Бу борада Ўзбекистондаги ҳолат қандай?
Бугунги кунда Ўзбекистонда платформа ходимларининг алоҳида ҳуқуқий мақоми белгиланмаган, платформа иқтисодиётига оид махсус қонун мавжуд эмас, улар кўпинча фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритади, амалдаги меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари платформа ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, бахтсиз ҳодисаларни текшириш тартиби аниқ эмас, платформа иш берувчими ёки воситачими – ҳуқуқий мезон йўқ, етказиб берувчилар учун мажбурий шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбурияти мавжуд эмас, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мунтазам ўқитиш тизими йўқ, иш ва дам олиш вақтини назорат қилиш механизми мавжуд эмас, алгоритмик бошқарувнинг шаффофлиги таъминланмаган ҳамда ижтимоий суғурта ва бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш бўйича алоҳида механизм шаклланмаган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 155 ва 187-сонли меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид асосий Конвенцияларини ратификация қилган бўлиб, бу хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини такомиллаштириш бўйича халқаро мажбуриятларни янада кучайтиради.
Бу борада Ўзбекистонга қандай ислоҳотлар зарур?
- Платформа ходимининг ҳуқуқий мақомини қонун билан белгилаш.
- Платформаларни меҳнатни муҳофаза қилиш субъекти сифатида эътироф этиш.
- Платформа ходимлари учун мажбурий бахтсиз ҳодисалардан суғуртани жорий этиш.
- Ҳар бир платформада касбий хавфларни баҳолаш тизимини яратиш.
- Етказиб берувчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш тизимини жорий этиш.
- Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбурий ўқувларни жорий этиш.
- Алгоритмик бошқарувнинг шаффофлиги ва инсон назоратини қонунчиликда мустаҳкамлаш.
- Платформа ходимлари билан содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олишни жорий этиш.
- Меҳнат кодекси ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга платформа иқтисодиётига оид махсус нормаларни киритиш.
- ХМТнинг 2026 йилги Платформа иқтисодиётида муносиб меҳнат тўғрисидаги Конвенцияси қоидаларини миллий қонунчиликка босқичма-босқич имплементация қилиш.
Хулоса
Платформа иқтисодиёти замонавий меҳнат бозорининг ажралмас қисмига айланди. Бироқ ишни мобил илова орқали ташкил этиш иш берувчини меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мажбуриятидан озод этмаслиги керак.
Халқаро амалиёт тобора шуни кўрсатмоқдаки, платформа ходимлари билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар фақат шартнома номига эмас, балки амалдаги назорат, бошқарув ва иқтисодий қарамликнинг ҳақиқий мазмунига қараб баҳоланиши лозим.
Шу сабабли, Ўзбекистон учун ҳам платформа иқтисодиётини тартибга солувчи алоҳида ҳуқуқий механизмларни яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш кафолатларини кенгайтириш ва платформа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Тайёрлади: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича инспектори Бегматов Бегзод Абдувахобович.
