“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида эришилган натижалар ва келгусидаги режалар” мавзусидаги матбуот анжумани
2024-08-01 10:20:00 / Вазирлик янгиликлари
2024 йилнинг 1 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида эришилган натижалар ва келгусидаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева, вазирлик тузилма раҳбарлари ҳамда вазирлик таркибидаги ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,5%дан 2024 йил бошига келиб 6,8%га тушди. Камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17%дан, 2023 йилда 14% ва 2024 йил бошига келиб 11%га тушди.
Ўтган 6 ойда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 113 минг нафар ишсиз аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баравар ошди. Қўшимча тарзда, 12 та янги касбларга ўқитиш йўлга қўйилди, бугунги кунда 30 дан ортиқ касб турларига ўқитилмоқда. Хорижий тилларга ўқитиш 10 минг нафарга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 5 бараварга оширилди.
Жорий йилнинг 6 ойида хорижда ишлаш истагида бўлган 64 минг нафар шахс чет давлатларга қонуний, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 бараварга кўп.
Мамлакатда ишчи ходимларнинг меҳнат ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш мақсадида бугунги кунгача Халқаро меҳнат ташкилотининг 22 та конвенцияси ратификация қилинган бўлса, эътиборлиси шундан 2 таси жорий йилнинг ўтган 6 ойида ратификация қилинди. Айни пайтда яна 3 та конвенцияни ратификация қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
2024 йилнинг ўтган 6 ойида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан Давлат меҳнат инспекторлари томонидан 7 минг 720 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, унда 21 минг 436 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган 3 минг 442 та ёзма кўрсатма, 90 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 4 минг 335 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Шу йилнинг ўтган даврида 254 нафар ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди ҳамда 7 минг 349 нафар фуқаронинг 31 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган.
Рақамлаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги 3 йилда бандлик тизимида мавжуд 50 та давлат хизматидан 24 таси ёки 48% рақамли платформага ўтказилган. Бу хизматлардан 2023 йилда 1 миллион 600 минг аҳоли фойдаланган (2022 йилда 1,1 миллион бўлган).
Рақамлаштириш натижасида 10 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатлар аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан навбатдаги ярим йилликда ҳам айни йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.
Хусусан, 68 та ҳудуддаги халқаро автомобиль йўлларида хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари ташкил этиш орқали 500 минг иш ўрни яратилади.
5 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 197 минг фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлади.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 120 мингта лойиҳага 2 трлн сўм кредит маблағлари йўналтирилади.
Тижорат банклари билан биргаликда шакллантирилган 49 мингта микролойиҳани ишга тушириш ҳисобига 67 мингта қўшимча иш ўринлари ташкил этилади.
Вазирлик жамғармалари ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитилган 40 минг нафар фуқарога 254 млрд сўм субсидия ва ссудалар ажратилади.
Умуман хизматлар соҳасида 1 миллион 200 минг аҳолини банд этиш чоралари кўрилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида 600 минг, қурилиш соҳасида эса 70 минг аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг II-ярим йиллигида 90 минг нафар шахсни Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, Япония, Руминия, Болгария, Венгрия, каби ривожланган давлатларда ишга жойлаштириш режалаштирилган. Буларнинг барчаси «Хорижга иш – маҳалладан» тамойили асосида йўлга қўйилади.
Шунингдек, йил охиригача 115 минг ишсиз аҳоли касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитилади.
“Ягона миллий меҳнат тизими” хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори асосида тўлиқ шакллантирилади. Иш берувчиларнинг шахсий кабинетлари такомиллаштирилиб, аниқланган қонунбузилишлар ва тегишли ўзгаришлар юзасидан хабарнома ва талабномалар бериш тизимлари йўлга қўйилади.
Вазирликка бўладиган мурожаатлар сони ҳам кескин камайган, хусусан, 2024-йилнинг ўтган даври мобайнида 127 979 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,2 фоизга камайган. (2023-йил 6 ой давомида 203 769 та).