Пойтахтимизда “Бандлик ва ижтимоий ҳимояни уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро конференсия бошланди.
2024-07-09 10:15:00 / Вазирлик янгиликлари
Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутасаддилари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилиб, муносиб меҳнат стандартларини жорий этишга киришилди, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди, ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди, халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланди. Натижада жаҳоннинг машҳур брендлари Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келмоқда.
