Бугун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Саудия Арабистонининг “K-DOT” компанияси бош директори Файсал ол-Довуд билан учрашув бўлиб ўтди
2024-04-29 15:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Айтиш керакки, 2023-йилнинг 14-декабр санасида вазирлик ва тизим ташкилотлари раҳбарлари Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистонидаги кўплаб салоҳиятли иш берувчилар билан музокаралар ўтказиб, ўзбекистонлик малакали мутахассисларни тиббиёт, хизмат кўрсатиш, IT ва ишлаб чиқариш соҳаларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилишга келишиб олганди. Шундан кейин бир қатор йўналишлар бўйича ҳамюртларимиз ушбу давлатга вақтинча ишлаш учун жўнаб кета бошлади.
Бугунги учрашувда Ар-Риёдда эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш механизмлари хусусида сўз борди.
Мулоқот жараёнида Саудия Арабистонида тиббиёт, меҳмонхона ва техник хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда ишчи кучига талаб ортиб бораётгани, ушбу йўналишлар бўйича ҳам биргаликда дастурлар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, икки давлат Ҳукуматлари ўртасида 2022-йилнинг 17-август куни Жидда шаҳрида “Ишчиларни ёллаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида"ги битим имзоланган.


