ИЖОДИЙ УЧРАШУВ
2025-10-27 17:50:00 / Янгиликлар

Сўз ва сув.
Шоир ва сувчи.
Улар ўртасида уйғунлик, узвийлик бор.
Бугун вазирликда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли ижодкор, истеъдодли шоир Ғайрат Мажид билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев олиб борди. Унда Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари, асосан, ёшлар иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан онлайн боғланганларни ҳам ҳисоблаганда ижодий учрашувда мингга яқин сувчилар қатнашди.
Дастлаб, Ўзбекистон мадҳияси янгради. Қалбларни ғурурга тўлдирувчи, юракларни ҳаяжонга солгувчи мамлакатнинг бош қўшиғи иштирокчилар юрагида Ватанга муҳаббат, ўз касбига фидойилик ва масъулият ҳиссини алангалатди.
Ғайрат Мажиднинг эътирофича, сув қақраган далаларга ҳаёт нафасини олиб боради. Сувчиларнинг меҳнати билан Ватанимизнинг экин майдонлари яшнайди.
Шеър эса кўнгилларга ёруғлик, маърифат улашади. Шоирлар, ёзувчиларнинг ижоди билан Ватанимизда яшаётган инсонларнинг кўнгли яшнайди, илҳом олади.
Мунис Хоразмий, Огаҳий боболаримиз ҳам шоир, ҳам мироб бўлган. Навоий бобомиз каналлар қаздириб, сув чиқарган.
Ғайрат Мажид ўзи туғилиб ўсган Китоб тумани Хўжаилмкон қишлоғидаги коризлар тарихи, сув илмини чуқур билган боболаримизнинг мероси ҳақида гапириб берди.
Ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, китобхонлик, мутолаа ҳақида сўз юритилди.
Ижодий учрашувда шеърлар ўқилди. Маънавий, маърифий фикрлар улашилди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган бу тадбир иштирокчилар қалбида катта таассурот қолдирди.
Ахборот хизмати





