ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ҚОҲИРА СУВ ҲАФТАЛИГИДА ИШТИРОК ЭТДИ
2025-10-15 17:35:00 / Янгиликлар

Анжуман “Иқлим ва сув барқарорлиги учун инновацион ечимлар” шиори остида ўтказилиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан вазирлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Қоҳира сув ҳафталиги сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги энг нуфузли халқаро майдонлардан бири бўлиб, бу йилги анжуман минтақавий ва глобал сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли муҳокамаларни ўз ичига олди.
Тадбир давомида сув хўжалиги ва ирригация соҳасидаги замонавий технологияларга бағишланган кўргазма ҳам бўлиб ўтди. Унда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларининг янги турлари, автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ва сенсорли бошқарув ускуналари намойиш этилди.
Ўзбекистон ва Миср делегациялари ўртасида ўтказилган учрашувларда икки мамлакат сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар – Сув кодексининг қабул қилиниши, 2025–2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш дастури, 2,5 минг километрдан ортиқ ирригация тармоқларини реконструкция қилиш ва 1,4 миллион гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш каби устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Жаҳон сув кенгаши президенти Луи Фошон, Сув ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича Исломий ҳамкорлик тармоғи ижроия директори доктор Марван аль-Раггад ва Миср Сув ресурслари ва суғориш вазири доктор Ҳани Сувайлам билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувларда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш, қўшма пилот лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига кенг урғу берилди.
Шунингдек, Миср Миллий сув тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Тадбир доирасида “First Class Gear Technology”, “Wilo”, “The Leading Construction Companies” ва “Technical Development Solutions” каби йирик халқаро компаниялар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда сув хўжалиги соҳасида замонавий ечимлар ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокама этилди.
Ахборот хизмати





