ФАРМОНГА ШАРҲ
2025-10-15 09:35:00 / Янгиликлар

ФАРМОНГА ШАРҲ
Мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи-назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. Бу жараёнда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш катта аҳамиятга эга.
Ҳуқуқий саводхонлик деганда жамият аъзолари бўлган ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий онг ва тафаккур асосида ҳуқуқий борлиқни англаши, қонунчилик талабларини билиши, амалдаги қонунчиликни ҳурмат қилиши ва уларга риоя этиши тушунилади.
Ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳоли ва ижрочиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан фойдаланиш муҳим саналади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 5 сентябрь куни адлия тизимида давлат хизматларини кенгайтириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишар экан, “Ақлли тарғибот” асосида аҳоли ва тадбиркорларга янги ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни манзилли тарзда, электрон тизимлар орқали етказиб беришни йўлга қўйиш, қонунчиликни мутахассислар иштирокида содда тилда шарҳлаб борувчи “Adliya TV” интернет саҳифаси ишга тушириш бўйича топшириқларни берган эди.
Президентимизнинг жорий йил 8 сентябрда имзоланган “Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-160-сон Фармони мазкур ташаббуснинг амалий натижаси бўлди.
- Lex.uz - Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилинади;
- ушбу ахборот тизимларида юритиладиган Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторининг ҳар бир коди Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичининг тегишли гуруҳига ҳамда тегишли давлат хизматига бириктирилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштириладиган аҳоли ва тадбиркорлар учун энг муҳим масалаларни тартибга солишга қаратилган лойиҳаларни танлов асосида жисмоний ва юридик шахсларга юбориш амалиётини йўлга қўйиш орқали “Ҳуқуқий тарғибот лойиҳадан бошлаб” тамойили жорий этилади.
Ҳуқуқий ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали етказиш қамровини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги интернетдаги оммавий видеохостинг платформаларида “Adliya TV” саҳифасини ишга туширади. Мазкур саҳифа орқали:
янги қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, айниқса қонунларни кенг оммага содда ва халқчил тилда тушунтириш бўйича бевосита уларни ишлаб чиқишда қатнашган давлат идоралари ходимлари, жамоатчилик вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирокида подкастлар ташкил қилинади;
аҳолининг кундалик ҳаётида тез-тез учраб турадиган ва долзарб бўлган ҳуқуқий масалалар юзасидан аҳолининг ёши, касби ва ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб содда, тушунарли ва қизиқарли шаклдаги видеороликлар, инфографикалар, анимациялар, интерактив савол-жавоблар ва бошқа замонавий кўринишдаги материаллар тайёрланиб, мунтазам равишда жойлаштириб борилади.
2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси – Lex.uzни “E-qaror” ва “E-kengash” электрон тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш орқали унда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар тўғридан-тўғри жойлаштириб борилиши йўлга қўйилади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимидан воз кечган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга етказиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва кенг аҳоли қатламига тушунтириш ишларини “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими орқали назорат қилиш тартиби йўлга қўйилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизими ва “Рақамли маҳалла” ягона платформаси орқали “республика-вилоят-туман-маҳалла” тамойили асосида давлат органлари ва ташкилотларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилади. Бунда ушбу органлар фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар мажбурий танишиш учун, бошқа ҳужжатлар маълумот учун юборилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ижрочилар ва кенг жамоатчиликка етказилиши устидан назорат ўрнатиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон ижро интизоми тизимида Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш картотекаси юритилиши йўлга қўйилади.
Картотекада Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат дахл қиладиган субъектлар тоифаси, уларга ҳуқуқий тарғиботни етказиш усуллари ҳамда уларни ташкил қилишга масъул давлат органлари ва ташкилотлари, қоида тариқасида, ишлаб чиқувчилар орасидан белгиланади;
Картотека асосида давлат органлари ва ташкилотлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширади ҳамда бажарилган ишлар юзасидан маълумотларни “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига киритиб боради;
Давлат органлари ва ташкилотларида Картотека асосида ишларни ташкиллаштириш ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ишларини мувофиқлаштириш ушбу орган ва ташкилотларнинг юридик хизматлари зиммасига юклатилади.
“Ҳуқуқий ахборот сиз истаган вақтда” тамойилини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш учун ҳуқуқий ахборотни тарқатишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини таъминлаш механизмлари жорий этилади.
Ушбу Фармон аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, шу билан бирга ҳуқуқий ахборот манзилли етказилиши ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар замон талаблари асосида амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ахборот хизмати
