КАНАЛЛАРНИ БЕТОНЛАШТИРИШ – СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
2025-09-25 19:40:00 / Янгиликлар

Республика вилоятларида, жумладан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам сувнинг йўқотилиши юқори бўлган каналларни бетонлаштириш, суғориш тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах вилояти, “ДМ-3” канали
Жиззах бош насос станциясидан сув олувчи “ДМ-3” канали Ш.Рашидов ва Зомин туманларидаги 3130 га суғориладиган ер майдонларини сув билан таъминлайди. Канал 1992 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги – 38,5 км, канал бошидаги сув сарфи – 10,0 м3/сек.
“ДМ-3” каналининг ПК151+00 дан ПК221+00 пикетигача бўлган
7 км дан ортиқ узунликдаги қисми тупроқ ўзанли бўлганлиги туфайли фильтрация даражаси юқори бўлиб, каналда сув исрофгарчилигига сабаб бўлган.
Натижада ушбу каналдан сув олувчи 20 та фермер хўжаликларининг 2700 га экин майдонларида сув таъминоти пасайиб, муаммолар вужудга келган. Хусусан, Ш.Рашидов туманининг “Қулписар” ҳудудига сув 3 сутка мобайнида етиб борган.
Сувнинг фильтрацияга йўқолишини камайтириш учун каналнинг 7,3 км қисмини қуйма бетон билан қоплаш ишлари амалга оширилди. Натижада каналнинг 3 суткада сув етиб борадиган охирги участкасига 1 суткада сув етиб боришига ҳамда 2700 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Канални бетонлаштиришдан олдин унинг фойдали иш коэффициенти (ФИК) 0,65 ни ташкил этган бўлса, бетонлаштиришдан кейин эса 0,82 га тенг бўлиб, фильтрация туфайли каналда сувнинг йўқотилишини 17 фоиз камайтирилишига эришилди.
Қашқадарё вилояти, “Р-26” канали
Косон туманидаги “Р-26” канали 22 167 га суғориладиган майдонларни сув билан таъминлайди. 1985 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги 25,7 км, лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 44,0 м3/сек.
Каналнинг 15,6 км қисми тупроқ ўзанли бўлиб, фильтрация даражаси юқорилиги сабабли ушбу каналдан сув олувчи фермер хўжаликларининг экин майдонларини сув билан таъминлашда муаммолар вужудга келиб, охирги участкаларига 3 суткада сув етиб борган.
Лойиҳага кўра, “Р-26” канали 41 000 га майдонни сув билан таъминлаши керак бўлсада, олис чўлда жойлашган “Андабозор”, “Чироқчи”, “Сурхон”, “Жарқум”, “Майдаёбу” ҳудудларидаги 20 078 га майдон фойдаланишдан чиқиб кетган.
2024 йилда бош пудратчи ташкилот “Тo'palang HPD Holding” МЧЖ томонидан “Р-26” каналини бетонлаштириш ишлари бажарилди. Манзилли дастурга асосан, 42 215,5 млн сўм маблағ ўзлаштирилди.
Сувнинг фильтрацияга йўқолишини камайтириш учун каналнинг 15,6 км узунликдаги қисмини қуйма бетон билан қоплаш ишлари бажарилди.
Канални бетонлаштиришдан олдин унинг фойдали иш коэффициенти (ФИК) 0,72 ни ташкил этган бўлса, бетонлаштиришдан кейин 0,90 га тенг бўлиб, каналда сувнинг йўқотилишини 18 фоиз камайтирилишига эришилди.
Илгари 3 суткада сув етиб борадиган охирги участкасига 1 суткада сув етиб боришига эришилиб, 20 078 гектар суғориладиган ер майдонининг сув таъминоти яхшиланди.
Шу билан бирга “Р-26” каналининг қуйи қисмида жойлашган
1,7 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган майдонлар Хитой давлатининг “Қашқадарё жингу” корхонаси томонидан қайта фойдаланишга киритилиб, шундан 2025 йилда 1,2 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этиш натижасида пахтадан гектарига 60 центнердан ҳосил етиштирилди.
Каналларни бетонлаш ишлари давом эттирилади
Каналлар орқали сувнинг барқарор етказиб берилиши натижасида қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги ошишига замин яратилиб, кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан аҳолини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга имкон яратилмоқда.
Сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш, табиийки, қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, каналларни бетонлаштириш борасида бошланган ишлар ҳам ўз натижасини бермоқда ҳамда ушбу тадбирлар натижасида сувни иқтисод қилинишига эришилмоқда.
Келгусида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади. Бу эса пировард натижада қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни ошириш ҳамда суғориладиган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Х.Лапасов,
Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази директори
