ВАЗИР ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
2025-08-21 15:15:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари С.Ҳикматов, Қизилтепа тумани ҳокими У.Адизов, вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар, маҳалла ва бошқа фуқаролик жамияти институти вакиллари қатнашди.
Учрашув аввалида иштирокчиларга Президентимиз ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида ахборот берилди.
Хусусан, Сув кодекси, Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқлангани, дастурда нафақат соҳа олдидаги тўрт йиллик муҳим кўрсаткичлар, шу билан бирга бажариладиган тадбирлар, молиялаштириш манбалари аниқ белгилангани айтиб ўтилди.
Сайёр қабулда, асосан, экинларни суғориш, фермер хўжаликларининг насосларига ажратилган электр энергияси лимитлари, канал ва ички суғориш тармоқларини бетонлаш бўйича муаммолар ҳамда қўшимча сув лимити ажратиш каби 30 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг айримлари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ўрганиш вақт талаб қиладиганлари назоратга олиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ёшларни ишга жойлаштириш масаласи кўрилди. Маъмуржон Маҳмудов ва Диёрбек Турсунов 2025 йилда Бухоро давлат техника университетини Мелиоратив гидрогеология йўналиши бўйича тамомлагани, ҳозирги кунда ишга жойлашолмаётганлигини айтиб, вазирдан амалий ёрдам сўради. Уларнинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, Қизилтепа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига ишга қабул қилинди.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати




