КЕЛАЖАК СУВГА БЎЛГАН МУНОСАБАТИМИЗГА БОҒЛИҚ
2025-08-19 09:55:00 / Янгиликлар

Биз сув ресурсларини тежаш мақсадида ирригация тизимларини бетонлаштиряпмиз. Сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш бўйича саноат базасини яратдик, суғориладиган ерларнинг деярли ярмида ана шундай технологияларни жорий этдик. Бундай чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 8 миллиард метр куб сувни тежашга муваффақ бўлдик.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ҳаёт учун энг зарур ресурс — сувга бўлган талаб дунё бўйича тобора ортиб, унинг қадри ва қиймати ўсиб боряпти. Олиб борилаётган тадқиқот ва таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳолат саноатлашув, глобал иқлим ўзгариши таъсирида ҳароратнинг кўтарилиши, музликларнинг эриши, ёғингарчилик миқдорининг камайиши, қурғоқчилик, аҳоли сонининг кўпайиши, озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжнинг кучайиши каби турли омиллар билан изоҳланмоқда.
Сўнгги йилларда Европа давлатлари ёз мавсумида кучли қурғоқчиликни бошдан кечиряпти. Мисол учун, шу йилнинг август ойи бошларида Руминия ва Сербияда ер ости сувлари сатҳи пасайиб кетиб, қурғоқчиликдан экинлар қурий бошлаган. Германия, Франция, Буюк Британия каби кўп мамлакатлар қаторида Марказий Осиё минтақасида ҳам сув танқислиги йилдан-йилга кучлироқ сезиляпти. Дарё ва сойлардаги сув миқдорлари камайиб бормоқда.
Жорий йилнинг 14 август куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 90-йиғилишида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури ҳақида ахборот берилди.
Ўзбекистонда суғориш тармоқларини таъмирлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилишга 2020-2024 йилларда 60 триллион сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 миллион АҚШ долларилик хорижий инвестиция йўналтирилди. Натижада 2020 йилда сув тежовчи технологиялар қўлланган майдонлар жами суғориладиган майдонларга нисбатан
4 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 50 фоиздан ошди.
Яна 1 миллион 400 минг гектар ерда сув тежовчи, шу жумладан, 293 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. Сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонлар ҳажмини 424 минг гектардан 276 минг гектаргача камайтириш кўзда тутилган.
Дастурда ирригация тармоқларининг 2 551 км қисмини реконструкция қилиш, ушбу мақсадлар учун ҳар йили Давлат бюджетидан камида 1,3 триллион сўм ажратиш ва халқаро молия институтлари маблағларидан 300 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган.
Сув хўжалиги вазирлиги балансидаги насос станцияларининг эскирган 562 та насос ва 578 та электр двигатели замонавий ҳамда энергия тежамкорларига алмаштирилади. Бунинг ҳисобига уларнинг йиллик электр энергияси сарфи 6,8 миллиард кВт/соатдан 6,2 миллиард кВт/соатгача камайтирилади. Каналларни бетонлаштириш ва насосларни модернизация қилиш ишларига чет эл инвестицияларини жалб қилишга асосий вазифа сифатида эътибор қаратилади.
Дастурда нафақат соҳа олдидаги тўрт йиллик муҳим кўрсаткичлар, шу билан бирга, бажариладиган тадбирлар, молиялаштириш манбалари аниқ белгилангани қўшни давлатларнинг сув хўжалиги мутахассисларида катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон раҳбари бутун минтақа халқлари фаровонлиги учун қайғураётганлиги таъкидланди.
Президентимиз жорий йил апрель ойида Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга тушириш ташаббуси билан чиққан эди.
Қувонарлиси, бу борадаги амалий ишлар аллақачон бошланиб кетди. Ўтган ҳафтада тожикистонлик бир гуруҳ мутахассислар учун Тошкентдаги Сувчилар мактабида тренинг ташкил этилди. Уларга Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий этишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари, “Suvkredit”, “Agrosubsidiya”, “Tomchi” дастурий таъминот ва мобил иловалари, субсидиялар бериш тартиби ва Ягона электрон реестрдан фойдаланиш ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу эса меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 август куни сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишув чоғида таъкидлаганидек, сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли — рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик, аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
Шу боис “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш Концепциясида ҳам ушбу йўналишдаги муҳим вазифалар қамраб олинди. Мазкур ҳужжатларда белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда, сув омбори ва ирригация тизимларининг сув ўлчаш постларида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, шунингдек, насос станцияларда сув сарфини мониторинг қилиш қурилмаларини ўрнатиш, йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарувини автоматлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу эса ўзининг натижаларини бера бошлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилди. “Suv hisobi”, “Nasos stansiyalari” каби ахборот тизимлари яратилди. Бу борадаги ишлар кўлами келгусида ҳам тобора кенгайтирилади. Бинобарин, яқинда қабул қилинган тўрт йиллик дастурда ҳам соҳани рақамлаштириш бўйича янги вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қўшни давлатлар билан биргаликда фойдаланиладиган сув манбаларига рақамли сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш, сувнинг ҳисобини онлайн ва шаффоф тарзда кузатиб бориш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Президентимиз бевосита раҳбарлариги ва беқиёс кўмаги билан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жамиятимизда сувни тежаш маданияти шаклланяпти. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, пировардидда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўшимча имкониятлар яратмоқда. Биргина 2024 йили иқтисод қилинган 8 миллиард куб метр сув такрорий экинлар етиштириш, аҳоли томорқаларини суғоришга йўналтирилгани бунинг яққол дилилидир.
Шу маънода, Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурига мувофиқ, жорий йилда 10 млрд. куб метр, 2026 йилда 12 млрд. куб метр, 2027 йилда 13 млрд. куб метр, 2028 йилда эса 14 млрд. куб метр сувни иқтисод қилиш вазифаси қўйилгани алоҳида эътиборга молик жиҳатдир.
Сув — улуғ неъмат, таъбир жоиз бўлса, у бутун олам тириклигининг манбаидир. Президентимизнинг қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш, халқимизни сув билан таъминлаш, деҳқонларимизга зарур шарт-шароитлар яратиб бериш борасида олиб бораётган улкан саъй-ҳаракатлари замирида, аввало, сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш орқали бутун минтақада сув муаммосини ҳал этиш мақсад-муддаоси мужассам бўлиб, бу эса ўзининг амалий натижаларини беряпти. Бугунги фаровон ҳаётимиз, бозорларимиз тўкислиги, озиқ-овқат маҳсулотлари сероблиги бунинг ёрқин тасдиғидир.
Шавкат ХАМРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири.
