ЕРЛАРНИНГ МЕЛИОРАТИВ ҲОЛАТИ – ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИ
2025-08-14 16:55:00 / Янгиликлар

Маълумки, республикамизда 4,3 миллион гектардан ортиқ бебаҳо бойлик ҳисобланган суғориладиган ер фонди мавжуд бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий қисми айнан ушбу майдонларда етиштирилади.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлаш ва янада яхшилаш мақсадида ҳозирги кунда 144 минг километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 175 та мелиоратив насос станцияси, 4 056 та мелиоратив тик қудуқ, 27 мингдан ортиқ кузатув қудуқлари ҳамда 15 минг дона гидротехника иншоотлари хизмат қилмоқда.
Мазкур объектларни доимий соз ҳолатда сақлаш, уларни самарали ишлатиш ҳамда янги мелиорация объектларини қуриш энг устувор вазифалар ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастурида мелиорация бўйича ҳам чора-тадбирлар белгилаб берилди. Унга кўра, шўрланган ерлар ҳажми 1 898 минг гектардан 1 732 минг гектаргача қисқартирилади, шу жумладан ўртача ва кучли шўрланган майдонлар 578 минг гектардан 460 минг гектарга туширилади. Сизот сувлари сатҳи муаммоли бўлган майдонлар 893 минг гектардан 775 минг гектаргача камайтирилади. Фойдаланишдан чиққан 67 минг гектар суғориладиган ерлар қайта ишга киритилади. Шу билан бирга, сув хўжалигини рақамлаштириш доирасида 12 080 та мелиоратив кузатув қудуғида рақамли технологиялар асосида сув сарфи ҳисоби мониторинги йўлга қўйилади ва онлайн режимда мониторинг қилинади.
Мазкур чора-тадбирлар, ўз навбатида, ерларнинг мелиоратив ҳолатини изчил яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳар йили давлат дастурлари доирасида минглаб техникалар ёрдамида 10 минг км. дан ортиқ мелиорация тармоқларида қуриш ва реконструкция ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Жумладан, жорий йилда ҳам республикамиз бўйича 168 км узунликдаги очиқ ва 108 км ёпиқ-ётиқ коллектор тармоқлари, 22 та гидротехника иншооти, 1 та мелиоратив насос станцияси, 40 та тик дренаж қудуқ, 60 та кузатув қудуғини қуриш-реконструкция қилиш ишлари ҳамда 9 124 км узунликдаги очиқ ва 809 км ёпиқ-ётиқ коллектор тармоқлари, 280 та тик дренаж қудуғи ва 1 095 та кузатув қудуқларида тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Ушбу тадбирлар натижасида ўрта ва кучли шўрланган 46 минг гектардан зиёд майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Булардан ташқари, мелиорация йўналишида рақамлаштириш бўйича ҳам ишлар жадал олиб борилмоқда. Жумладан, ерларнинг шўрланиш даражаси ва мелиоратив ҳолатини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини берувчи Мелиорация ахборот тизими дастурий таъминоти ишлаб чиқилди.
Бунда ер ости сувлари сатҳи ва минерализацияси мониторингини онлайн назорат қилиш учун 10 минг дона “Diver” қурилмалари билан жиҳозланди ҳамда реал вақт режимида маълумотлар олиш имкони яратилди.
Шунингдек, ҳар йили кузги-қишки тадбирлар доирасида барча вилоят ва туманлардаги экин майдонлари кесимида шўрланиш даражаси ва шўр ювиш тадбирларини ўтказиш графиклари ишлаб чиқилиб доимий шўр ювиш тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Кейинги йилларда ҳудудий мелиоратив экспедициялар томонидан шўр ювиш тадбирларини сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳар бир кластер ва фермер хўжаликларига етказилиб, шўр ювишда инновацион сув тежамкор технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бундай чора-тадбирлар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш орқали келажак авлодларга унумдор ерларни мерос сифатида қолдириш мақсади амалга оширилади.
Д.Ахматов,
Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги
Мелиорация объектларидан ва механизмларидан
фойдаланиш бошқармаси бош мутахассиси


