ЎЗБЕКИСТОННИНГ СУВ ХЎЖАЛИГИДАГИ ИБРАТЛИ ТАЖРИБАЛАРИ
2025-08-06 16:45:00 / Янгиликлар
Сув – улуғ неъмат, сайёрамиз тириклигининг манбаи. У билан дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон.
Президентимиз қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, халқимизни сув билан таъминлаш, деҳқонларимизга зарур шароитлар яратиш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Одамларни рози қилиш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бераётганини кўриб, билиб турибмиз. Давлатимиз раҳбарининг “Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади” деган сўзлари замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.
Башоратларга эмас, натижаларга таянайлик
Бундан ўн йил олдин халқаро экспертлар билан мулоқотда иқлим ўзгариши, ёғингарчиликлар ва асрий музликлар камайишининг Марказий Осиёга таъсирини муҳокама қилган эдик. Ўшанда улар 2025 йилга бориб, минтақада сув ресурслари 5 фоизгача, 2030 йилларда 10 фоизгача камайиши мумкинлиги, аҳолининг сув танқислиги оқибатидан азият чекиши ҳақида ташвишли башоратларни билдиришганди.
Мана, ўша 2025 йилга ҳам етиб келдик. Тўғри, сув ресурсларининг бироз камайганлиги сезиляпти, бироқ ўша башоратларда айтилган ҳосилдорлик пасайиши, озиқ-овқат тақчиллиги кучайиши билан боғлиқ муаммолар кузатилгани йўқ.
Бунинг ўз сабаблари бор, албатта. Давлатимиз раҳбари сув хўжалиги соҳаси олдига, биринчи навбатда, халқимиз эҳтиёжи учун сувни етказиб бериш, иқлим ўзгариши ва бошқа таъсирлар туфайли сувнинг етишмаётган қисмини қоплаш вазифасини қўйган.
Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 2023 йилда 7, 2024 йилда 8 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди. 2025 йилда эса ушбу кўрсаткични 10 миллиард куб метрга етказиш кўзда тутилган. Бу ўша етишмаслиги башорат қилинган сув миқдорига тенг, десак хато бўлмайди. Яъни, иқтисод қилиш орқали бизга етмаётган сув миқдорини қоплаяпмиз.
2030 йилгача йилига 15 миллиард куб метр сувни иқтисод қилишга эришиш мақсад қилинган. Таққослайдиган бўлсак, ўртача катталикдаги бир вилоят учун йилига 3-4 миллиард куб метр сув керак бўлади. Иқтисод қилинадиган сув 3-4 та вилоятнинг бир йиллик истеъмолига тенг бўлади.
Исботланган йўл, аниқ натижа
Нукус шаҳрида зах сувлари туфайли кўча четлари ва йўлак бўйларидаги ерларни туз қоплаб, гулу райҳон тугул дов-дарахт ҳам кўкариши қийин эди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Нукус шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини бетонлашга киришилди. “Нукус” коллекторини босқичма-босқич қуриш ишлари бошланди. Қисқа фурсатда, натижа бўй кўрсатди. Каналдаги сув фильтрацияси камайиб, сизот сувлари сатҳи пасайди. Бугун Нукус кўчаларини бориб кўрсангиз, гуллар яшнаб турганига гувоҳ бўласиз.
Ёки бир пайтлар Гулистон шаҳрида ер ости сувлари меъёрдан ошиб кетаверганидан Сирдарё вилояти марказини Янгиер шаҳрига кўчириш таклифи ҳам билдирилган эди. Майли, янги жойда беш-ўн йилда янги марказ яратиш мумкиндир. Лекин Гулистон шаҳри аҳолиси-чи? Уларни зах босиши билан боғлиқ муаммолар гирдобидан ким қутқаради?
Масаланинг ечимига Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бош-қош бўлди. Гулистон шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини реконструкция қилиш ва бетонлаш натижасида сув фильтрацияси камайди. Вертикал дренаж қудуқлари қурилди, ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилиб, сизот сувлари сатҳи сезиларли даражада пасайтирилди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Урганч шаҳрида “Шовот” каналининг бетонланиши туфайли, ёки бўлмаса деярли ботқоққа айланай деган Норин туманида тик қудуқлар қурилиши натижасида ер ости сизот сувлари сатҳи билан боғлиқ муаммолар барҳам топди.
Қайсидир халқаро ташкилотнинг бирор бир давлатга сармоя киритиши осон иш эмас. Бу ўша давлатдан келадиган фойда ёки мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Президентимизнинг эътибори туфайли сув хўжалиги соҳасига ҳам катта сармоялар киритилаётгани бунинг исботидир. Ислом тараққиёт банки иштирокида Хоразм вилоятидаги “Тошсоқа” каналлар тизими, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси вилоятларидаги каналлар, Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Бухоро вилоятидаги, Ислом тараққиёт банки кредитлари эвазига Cурхондарё вилоятидаги каналлар бетонланиши натижасида ушбу каналлар ҳудудида ер ости сувларининг сатҳи ўртача кўп йиллик кўрсаткичдан 0,3-0,5 метрга пасайди, каналларнинг фойдали иш коэффициенти ошди.
Энг асосийси, суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, сув ўзи оқиб келиши ҳисобига минглаб кичик насос станциялар фаолияти тўхтатилди. Электр энергияси ва эксплуатацияга кетадиган маблағлар иқтисод қилиб қолинди.
Президентимиз 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида канал ва ариқларни бетонлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой бериляпти.
Шу боис давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2024 йил – сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди. Бу борада кенг миқёсда тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада 555 киломерт каналлар реконструкция қилинди. Кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг киломерт ички суғориш тармоқлари бетон қопламага ўтказилди.
Булар шунчаки айтиб ўтиб кетиладиган рақамлар эмас. Бу рақамларнинг ортида халқ фаровонлиги, дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги масаласи турибди.
Томчи билан тараққиётга
Яқин-яқингача томчилатиб суғориш технологияси Ўзбекистон шароитига тўғри келмайди, бизнинг иссиқ иқлимга ариқлардан анъанавий усулда суғориш мос, деган нотўғри қараш бор эди.
Ўзбекистонда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдони бўлса, шунинг қарийб 40 фоизи охирги беш-олти йилда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди. Ниманинг эвазига? Давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, субсидиялар ва рағбат ҳисобига.
2018 йилдан буён сув тежовчи технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Президентнинг 7 та фармон ва қарори қабул қилинди.
Илгари сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмлари чет давлатлардан келтирилган. 2019 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар билан шуғулланадиган икки ё учта корхона бор эди. Ҳозирга келиб бундай корхоналар сони 60 тадан ошди. Ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига бир гектар учун маҳсулот таннархи 20 фоизгача арзонлашиши билан бирга жойларда сервис хизмати ва савдо шохобчалари йўлга қўйилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобидан 2023 йилда 2 миллиард, 2024 йилда 2,5 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Агар Президент қатъий талаб қўймаганида, давлат томонидан кредитлар, субсидиялар ажратилмаганида ҳали ҳам сув тежовчи технологияларнинг баъзи усуллари бизнинг шароитга мос келмас экан деб ўзимизни овунтириб юрган бўлардик.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида мамлакатда суғориладиган майдонларни сувни тежайдиган технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш вазифаси қўйилган. Яна 4-5 йилда улкан марранинг қолган қисми ҳам уддаланади.
Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида минтақа давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда. “Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга туширишга чақирамиз”, деди Президентимиз Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида.
Дарвоқе, бу йилдан илғор фермерларимиз ўртасида янги ҳаракат пайдо бўлди. Сув тежовчи технологияларни ишлатиш учун қуёш панелига ўтаётганлар сафи кенгаймоқда.
Юртбошимизнинг жорий йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида хоразмлик фермернинг насос агрегатини қуёш панеллари орқали ишлатиш тажрибаси юқори баҳоланди. Республика бўйича фермер хўжаликлари ҳисобидаги 7 500 та насос агрегатларига ушбу тажрибани жорий этиш вазифаси белгиланди.
Сув тежовчи технологиядан фойдаланилмаган пайтда қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси тармоққа узатилади. Энди фермерлар учун қуёш панеллари харажат эмас, даромад манбаига айланади.
Насослардаги янги ҳаёт
Очиғини айтиш керак, сув хўжалиги соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг 70-75 фоизи насосларни ишлатиш учун электр энергиясига сарфланади.
Бугунги кунда ерларни суғориш учун давлат бюджети ҳисобидан 1700 га яқин насос станция ишлатилмоқда. Уларга бир йилда 7 миллиард кВт/соат электр энергияси талаб этилади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида электр энергиясининг йиллик сарфини 1,8 миллиард кВт соатга камайтиришга эришилди. Яъни, 2017 йилда электр энергияси сарфи 8,3 миллиард кВт. соатни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 6,5 миллиард кВт соатга тушди.
Президентимиз томонидан 2024 йил 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилингани, лекин ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетаётгани таъкидланди. Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди. 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди.
Насос ва агрегатларни замонавийсига алмаштириш, энергия тежамкор қурилмалар ўрнатиш, электр энергиясидан самарали ва тежаб фойдаланиш, агрегатларни график асосида қўшиш, чиқарилаётган сувни назорат қилиб бориш чоралари кўриляпти. Натижада 2025 йилда ажратилган лимитга нисбатан 300 миллион кВт соат электр энергиясини тежаш кўзда тутилган.
Мана шу жараёнда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланилмоқда. 328 киломерт узунликдаги ирригaция тармоқлари, 2955 киломерт узунликдаги мелиорaция тармоқлари, 412 та насос станцияси ва 134 та қудуқ ДХШ асосида хусусий шериклар бошқарувига берилди.
Хусусий шериклар томонидан 129 та насос ва 80 та электродвигатель янгиланди, 51 та сув сарфини онлайн ўлчаш қурилмаси, 34 та конденсатор қурилмаси ўрнатилди, 46 киломерт узунликдаги ирригaция тармоқлари реконструкция қилиниб, 476 киломерт узунликдаги мелиорaция тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
Натижада сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларнинг сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 169,3 миллион кВт электр энергияси тежалишига ёки 256,3 миллиард сўм давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.
Рақамлаштирилган сув сиёсати
Президентимиз таъкидлаганларидек, сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик, аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, охирги тўрт йилда онлайн режимда 13 174 та сув омбори ва ирригация тизимининг сув ўлчаш постларида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 10 296 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, 1 748 та насос станцияда сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 96 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилди. “Suv hisobi”, “Nasos stansiyalari” каби ахборот тизимлари яратилди.
Сув келган жойга ризқ келади
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2024-2025 йилларда энг оғир аҳволдаги 1 000 та маҳаллада томорқа ерларини суғоришни яхшилаш ёки уларда электр энергияси барқарор етказиб берилишини таъминлаш, интернет сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилмани яхшилаш мақсадлари учун жами 3,2 триллион сўм маблағлар ажратилиши белгиланди.
Сув таъминотида муаммолар бўлган маҳаллалардаги 467 мингта хонадоннинг 77,5 минг гектар томорқа майдонларида сув таъминоти яхшиланди.
Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги Бирлик маҳалласи раиси Жамолиддин Дўстбеков ҳаётидан мамнун. Томорқасига сув келди, экинлар яшнаб турибди, маҳалладошлари ҳам томорқага экин экиб, даромадни йўлга қўйиб олди. Раиснинг сув муаммосидан “қулоғи тинчиди”. Гап шундаки, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида маҳаллага 4 киломерт узунликдаги бетон ариқ тортилди.
Иккита насос агрегати қурилиб берилгани учун Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги “Қизилжар” ОФЙ аҳолиси, суғориш қудуғи қурилгани учун Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Эскиараб маҳалласи, Қашқадарё вилояти Касби тумани Оқжангал қишлоғининг одамлари, суғориш тармоқлари реконструкция қилинган Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги Обод, Бўстон ва Навоий маҳаллалари аҳли Президентимизни дуо қилишмоқда.
Мустаҳкам тизим, муносиб маош, янги марралар
Мамлакатимизда 30 мингдан зиёд сувчи бор. Уларнинг барчаси Шавкат Мирзиёевни ўзларига жуда яқин олади. Президент сувчиларнинг дарду-ташвишларини яхши билгани, муаммоларни ечиб бераётгани бунинг асосий омили десак хато бўлмайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 155 та туман ирригация бўлими ҳамда 161 та сув хўжалиги махсус хизмати тугатилиб, уларнинг негизида хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган 159 та туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ташкил этилди. Сув етказиб бериш хизматлари ходимларининг ойлик маошлари манбаси ҳал қилинди ва иш ҳақи миқдори икки баравардан зиёд оширилди.
Сув хўжалигининг пойдевори мустаҳкамланди. Сув солиғидан тушган маблағлар эвазига экскаватор, бетонқоргич ва бошқа техникалар харид қилиняпти. Хўжаликлараро канал ва ариқлар бетонланяпти.
Президентимизнинг 2024 йил 7 майдаги “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги Фармони билан Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти уч бўғинга ажратилиб, вертикал бошқарув тизими ташкил қилинди. Ўрта ва юқори бўғин ходимларининг ҳам ойлиги сезиларли даражада оширилди.
Маълумотдан билимга, билимдан натижага
Бугун сув хўжалиги соҳасидаги барча ўзгаришлар Президентимизнинг ташаббуси, топшириғи, қўйган вазифалари маҳсулидир.
Энг муҳимларини санаб ўтадиган бўлсак, 2023 йилда Тошкент шаҳри ва республикамизнинг 13 та ҳудудида “Сувчилар мактаби”, унинг замонавий ўқув хоналари ҳамда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланиладиган тажриба майдонлари ташкил этилди. Хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда ҳозирга қадар 80 мингга яқин фермер ва сув хўжалиги ходимининг малакаси оширилди.
2023 йил ноябрь ойида Сурхондарёга ташриф чоғида “сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш ва буни кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бу ғояни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш бўйича кенг кўламли тарғибот ишларига киришилди.
2025 йил апрель ойида Андижон вилоятига ташриф чоғида республика бўйича трасса бўйидаги камида 300 километр зовурларни ёпиқ тизимга ўтказиш, йил якунигача Олтинкўл тажрибаси асосида 10 мингта савдо-сервис жойи ва 100 мингта иш ўрни яратиш белгиланди. Шу билан бирга очиқ коллекторларда ўрдакчиликни йўлга қўйиш, балиқ боқиш бўйича тажриба оммалашмоқда. Илгари дастур асосида ҳар 3-4 йилда бир тозаланадиган зовурлар энди даромад келтирадиган манбага айланди.
Соҳада ҳар қанча ислоҳотлар қилмайлик, қўшни давлатлар билан муносабатларимиз яхши бўлмаганида фойдаси йўқ эди.
Ўзбекистонда ишлатилаётган сувнинг 80 фоиздан зиёдроғи қўшни республикалар ҳудудида шаклланадиган трансчегаравий дарёлардан олинади. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Қўшни давлатларга амалга оширилган ташрифлар чоғида трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда оқилона фойдаланиш масаласи энг юқори даражада муҳокама қилинди. Муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиляпти.
***
Бугун сув хўжалиги тизимида қиланаётган ишларнинг кўлами кенг. Бу ишларнинг бошида, энг аввало, соҳани ич-ичидан яхши биладиган, билими ва узоқ йиллик тажрибаси билан бизга йўл-йўриқ кўрсатиб келаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев турганини алоҳида эътироф этамиз.
Қийинчиликсиз ҳаёт йўқ. Йиллар ўтар, сув танқис бўлар, даврлар келар сув яна кўпаяр. Нима бўлмасин, Ўзбекистон халқи хотиржам яшашга ҳақли. Чунки, уларни ўйлайдиган, бу заминда яшаётган одамлар учун қайғурадиган юрт раҳбари, бедор қалбли инсон бор. Унинг олдиндан кўра билган ҳолда узоқни кўзлаб амалга ошираётган тадбирлари туфайли бу ўлка тараққиёт изига тушиб олган, халқи ҳаёти йилдан йилга фаровонлашиб бормоқда.
Шавкат ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
“O‘zbekiston qishloq va suv xo‘jaligi” журналининг 2025 йил 8-сони.
