МУРОЖААТ
2025-08-06 10:40:00 / Янгиликлар

Коррупцияга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир!
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишга, унга қарши курашишга, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциявий омилларга барҳам беришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарининг коррупцияга қарши курашга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Инспекция тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, инспекция органларида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 14 та ( 3 та низом, 3 та услубиёт, 3 та йўриқнома, 3 та регламент, 1 та қоида ва 1 та сиёсат) ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиниб, инспекция тизимида амалиётга жорий этилди.
Коррупцияга қарши курашишда соҳани рақамлаштириш энг самарали йўллардан бири бўлиб, инспекция фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённомаларни планшет орқали электрон расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада баённомани қоғозда расмийлаштиришда юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий омилларнинг олди олинмоқда.
Шунингдек, Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларида текширув ва профилактика тадбирларини ўтказишни ташаббус этиш “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими натижалари асосида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, соҳада тизимли назорат ўрнатишда кенг жамоатчилик вакиллари иштироки таъминланаётганлиги ҳам коррупсион омилларни камайтиришга хизмат қилмоқда. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июндаги 352-сонли қарори билан тасдиқланган “Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақида”ги Низомга асосан содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилмоқда.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур”.
Шу ўринда, Инспекция тизимида фаолият юритаётган барча ходимларга шуни алоҳида таъкидлаган бўлар эдим-ки, коррупцияга мутлақо тоқатсизлик тамойилига таянган ҳолда коррупция билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатларда иштирок этманг, бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилманг, пора олиш ёки ғайриқонуний бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеингиздан ноқонуний фойдаланманг.
Сизлардан коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга ҳамда ўз хизмат вазифаларингизни ҳалол ва холис бажаришга яна бир бор чақириб қоламан.
Инспекция коррупцияга қарши курашишда барча учун очиқ ва ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини маълум қилади.
Бундан ташқари, инспекция фаолиятига оид коррупциявий ҳамда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай мурожаатларни қуйида келтирилган махсус алоқа каналлари орқали юборишингиз мумкин, сизнинг шахсингиз сир сақланиши кафолатланади.
Йўлланган мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиши ҳамда тасдиқланган коррупсион ҳолатлар бўйича кескин қонуний чоралар кўрилиши таъминланади.
Эътиборингиз учун ташаккур!
Ишонч телефони: +99855-520-71-66;
Расмий веб-сайт: v-nadzor.gov.uz;
Электрон почта манзили: anticorruption@v-nadzor.gov.uz.
