СУВ КОДЕКСИ – МИЛЛИЙ БАРҚАРОРЛИК ВА ХАВФСИЗЛИК ГАРОВИ
2025-08-05 17:00:00 / Янгиликлар

Жумладан, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида, сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатда сув қонунчилиги янада такомиллаштирилди.
Юртимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш борасида янги ҳуқуқий асос шаклланди. Сув кодекси Ўзбекистон Республикаси Президентининг сув хўжалигини ривожлантиришга доир қатор фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.
2025 йил 30 июлm куни қабул қилинган 1076-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан расман тасдиқланган Сув кодекси мамлакатда сув, сув объектлари ва сув фонди ерларидан фойдаланиш муносабатларини комплекс равишда тартибга солади.
Ҳужжатда сув миллий бойлик сифатида эътироф этилиб, ундан фақат оқилона ва мақсадли фойдаланиш лозимлиги, давлат томонидан қўшимча муҳофазага олиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Кодекс расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач тўлиқ кучга киради. Янгича ҳуқуқий тартиб сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувлар ва жамоатчилик иштирокини кучайтиради. Мутасаддилар ва экспертлар бу ўзгаришлар мамлакатда сувдан оқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилиш ва экотизим барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда.
Сув кодексини қабул қилиш орқали Ўзбекистон сув ресурслари ҳимояси ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида сифат жиҳатидан янги босқичга қадам ташлади.
Ҳужжатда бир қатор муҳим қоида ва нормалар, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчиларнинг масъулиятини ошириш, сувдан фойдаланишда махсус рухсатнома олиш масалалари ўз аксини топган.
Шунингдек, кодексда сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжатда сувдан фойдаланувчилар ва сув етказиб берувчи ташкилотлар ҳамда сувдан фойдаланувчиларнинг бирлашмалари, нодавлат ташкилотлари, улар аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган.
Шу билан бир қаторда, ҳужжатда сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари аниқ ва қатъий белгиланиб, ўзбошимчалик билан қурилган сув олиш иншоотларини уларни дастлабки ҳолатига келтириш қонун бузувчи ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Сув кодексини ижрочиларга етказилишини таъминлаш ҳамда ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида фермерлар ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим ҳисобланади.
Ҳар қандай қонун, агар у амалиётда қўлланилмаса, самарасиз ҳисобланади. Бугунги кунда сувдан фойдаланувчилар – фермерлар, кластерлар, сув хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари раҳбарлари ва бошқалар Сув кодексининг норма ва қоидалари билан тўлиқ таниш эмаслиги амалиётда турли қонунбузарликларга, сув исрофгарчилигига ва низо-тортишувларга олиб келиши мумкин.
Шу боис жойларда тизим ташкилотлари раҳбарлари ва фермерлар учун ўқув-семинарлар, тренинглар ва ҳуқуқий-амалий машғулотларни ташкил этиш жуда муҳимдир. Бун борада Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази зиммасига ҳам ўқув-семинар ва тренингларни самарали ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Сувдан фойдаланувчилар учун ташкил этиладиган ўқув-семинарлар ва тренинглар сувдан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушуниш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, сув тежамкорлик маданиятини шакллантириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳит ва экотизимни муҳофаза қилишга имконият яратади.
Ўзбекистон – сув ресурслари чекланган давлатлардан бири. Бундай шароитда Сув кодекси – миллий барқарорлик ва хавфсизлик гаровидир. Ҳужжатда белгиланган қоида ва нормалар нафақат юристлар, балки ҳар бир сувдан фойдаланувчи субъектлар – фермер, кластер, ҳудудий раҳбар ва муҳандис томонидан чуқур англаниши ва амалда қўлланилиши лозим.
Сув кодекси нормалари бўйича мунтазам ўқув-тренинглар ташкил этиш сувдан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий онгни оширади, қонунбузарликларни камайтиради ва энг муҳими, сув ресурсларини келажак авлодлар учун асрашга хизмат қилади.
Х.Лапасов,
Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази директори
