СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТНИ ЖОРИЙ ЭТИШ – МУҲИМ ВАЗИФА
2025-08-01 16:38:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги соҳасида Сунъий интеллект асосан қуйидаги йўналишларда қўлланилади:
- Сув ресурсларини баҳолаш ва мониторинг қилиш;
- Суғориш тизимларини автоматлаштириш;
- Сув сарфини прогноз қилиш;
- Оқимлар ва ирригация каналларини интеллектуал бошқариш;
- Cув оқимини моделлаштириш ва сув танқислигини олдиндан аниқлаш.
Дунё тажрибаси: Исроил, Нидерландия ва АҚШ мисолида
Исроил сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича жаҳондаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Исроил Фан вазирлиги ҳузуридаги Миллий илмий тадқиқотлар ва ишланмалар кенгаши маълумотларига кўра, катта маълумотлар, машиналарни ўрганиш, интеллектуал тизимлар ва дастурлар ва бошқалар каби соҳаларни ўз ичига олган ушбу фаолият соҳасига 900 га яқин компания жалб қилинган.
Мамлакатда замонавий суғориш тизимлари (drip irrigation) ва сунъий интеллект технологиялари орқали суғоришда сув тежаш даражаси 60 фоизгача етказилган.
Нидерландияда ҳам сунъий интеллект жадал ривожланиб бормоқда. Мамлакатда СИ тадқиқотлари ва инновацияларини илгари суриш ва технологиядан масъулият билан фойдаланишни таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сув тўфонлари хавфини автоматик прогноз қилиш тизимлари Сунъий интеллект орқали бошқарилади. Сувни бошқариш тизимларининг самарадорлиги 40 фоизга оширилган.
АҚШ ҳукумати 2026 йил бошигача амалдаги федерал қоидаларнинг деярли ярмини қисқартириш учун сунъий интеллектдан фойдаланишни режалаштирмоқда. Сунъий интеллект сув ресурсларидан самарали фойдаланишда тобора муҳим ўрин тутмоқда.
Жумладан, Калифорнияда фермерлар сувдан фойдаланишни сунъий интеллект ёрдамида real-time режимида мониторинг қилиб, ҳар гектар ер учун сув сарфини ўртача 20-25% камайтиришга эришмоқда.
Сунъий интеллект жорий этишнинг иқтисодий самараси
Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллект орқали:
- йилига тахминан 500–700 миллион куб метр сув тежаш;
- ҳар гектар ер учун суғориш харажатларини 20–25 фоизга камайтириш;
- қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини 15–25 фоизгача ошириш;
- суғориш инфратузилмасидаги носозликларни аниқлаш ва таъмирлаш харажатларини 30–40 фоизгача қисқартиришга эришиш мумкин.
Кутилаётган натижалар ва истиқболлар
Сунъий интеллект технологияларини яқин истиқболда мамлакатимиз сув хўжалиги тизимига кенг жорий этиш орқали қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:
- сув сарфини 20–30 фоизгача камайтириш;
- сувни тежаш ҳисобига ҳосилдорликни ошириш;
- ирригация тармоқларида йўқотишларни аниқлаш ва бартараф этиш;
- тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш имкониятларини ошириш;
- қишлоқ хўжалигида харажатларни қисқартириш ва самарадорликни ошириш.
Бундан ташқари, сунъий интеллект асосидаги тизимлар орқали қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни таъминлаш, сув танқислигини камайтириш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда катта ютуқларга эришиш мумкин.
Келгусида Ўзбекистонда сув хўжалигини тўлиқ рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари асосида интеграция қилинган бошқарув тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлаш ва экологик хавфсизликни оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект технологиялари Ўзбекистон сув хўжалигида туб ислоҳотларни амалга ошириш ва соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса нафақат иқтисодий самарадорлик, балки экологик барқарорлик ва келажак авлодлар учун сув ресурсларини асраб-авайлашга хизмат қилади.
Улуғбек Кучкаров, Бюджет тизими бюджет маблағларини рақамли технологиялар ёрдамида таҳлил қилиш бўлими бошлиғи
