Давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилди
2025-07-30 15:40:00 / Янгиликлар

Семинарнинг очилишида Сув хўжалиги вазири ўринбосари Ў.Шералиев, Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул ходими Х.Шакиров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошриирилаётганлигини таъкидлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжатда Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ва мақсадли кўрсаткичлари, Стратегияни амалга ошириш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури каби қатор муҳим йўналишлар белгилаб берилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармонга асосан жорий йил 1 августдан бошлаб давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Давлат фуқаролик хизматига қабул қилишнинг ягона тартиби тасдиқланди. “Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”га асосан давлат органида 5–7, туман (шаҳар) давлат органида 3–5 нафар аъзодан иборат таркибда Танлов комиссияси тузилади. Лавозимга тайинлашда номзодни тегишли вазирлик ёки идора билан келишиш белгиланган бўлса, Танлов комиссияси таркибига мазкур вазирлик ёки идоранинг масъул вакили ҳам киритилади.
Ички танловлар вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб 10 иш куни ичида эълон қилинади. Бунда ички танловлар фақатгина бир давлат органи доирасида ёки давлат фуқаролик хизмати тизимидаги барча давлат органлари давлат фуқаролик хизматчилари учун эълон қилиниши мумкин. Ички танловлар натижасида танлов ғолиби аниқланмаган ёки вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ички танлов эълон қилинмаган тақдирда, ушбу вакант лавозим автоматик равишда ташқи танлов сифатида эълон қилинади.
Танловларда иштирок этиш учун ҳужжат топширган номзодлар сони 5 нафар ва ундан кам бўлган ҳолларда танловнинг тест босқичи ўтказилмаслиги мумкин. Танловларнинг суҳбат босқичига ўтган номзодлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган ҳолларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда қўшимча босқич (эссе ёзиш, тест ва ҳ.к.) қўшилиши мумкин.
Номзод бир ой давомида бештагача вакант лавозимлар бўйича танловларда иштирок этиши мумкин, холос.
Номзодларнинг тест синови бўйича ижобий натижалари олти ой давомида сақланиб, кейинги вакант лавозимлар бўйича ўтказиладиган танловларда инобатга олинади.
Тест саволлари Агентлик буюртмасига асосан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан “бошқарув кадрлари” ҳамда “мутахассислар” лавозим тоифалари бўйича ишлаб чиқилади. Шу билан бирга тест синовларига “стрессга бардошлилик” ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) даражасини аниқлашга қаратилган алоҳида бўлим киритилиши мумкин.
Тест синови жараёнида тақиқланган талабларни бузган номзод ишчи орган томонидан далолатнома тузган ҳолда танловдан четлаштирилади.
Тест синовидан четлаштирилган номзод уч ой давомида кейинги танловларга қўйилмайди.
Якуний балл 100 баллик тизимда баҳоланиб, суҳбат натижаси якуний баллнинг 80 фоизини, тест натижаси 20 фоизини ташкил қилади.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан етарлича жавоб олди.
Инсон ресурсларини ривожлантириш
а бошқариш бошқармаси







