ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЭНГ МУҲИМ ТАЛАБИ – КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ
2025-07-24 14:45:00 / Янгиликлар

Вазирлик тизимида жами 296 та ташкилот бўлиб, улар 34 348,5 та штат бирлигига эга. Шундан бошқарув ходимлари 2 536,5 нафарни, ишлаб чиқариш ходимлари 29 801 нафарни, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар 2 011 нафарни ташкил қилади. Шу ўринда тизимдаги ёш кадрлар салоҳияти ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда вазирлик тизимида 30 ёшгача бўлган ёш ходимлар 4 178 нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси 155 та туман ирригация бўлимлари ҳамда 161 та сув хўжалиги махсус хизматлари тугатилиб, уларнинг негизида хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган 159 та туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилди. Давлат муассасаларининг самарали фаолият юритиши учун 1 900 нафардан ортиқ салоҳиятли, олий маълумотли кадрлар ишга қабул қилинди.
Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда сув хўжалигининг ўрта ва юқори бўғинларидаги тизимли муаммоларни ҳал қилиш мақсадида мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 7 май куни “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, Сув хўжалиги вазирлигининг фаолияти уч бўғинга ажратилиб, вертикал бошқарув тизими ташкил қилинди. Бунда юқори бўғин – давлат сув сиёсатини юритиш, регулятор, ўрта бўғин – сув объектларини эксплуатация қилиш, қуриш ҳамда соҳага бизнес жараёнларини олиб кириш, қуйи бўғин – бевосита истеъмолчиларга сувни етказиб бериш билан шуғулланади.
Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш бевосита уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш билан боғлиқ. Вазирлик тизимида ўртача ойлик иш ҳақи 2024 йил июль ойига қадар 2,6 млн. сўмни ташкил этган бўлса, ўрта ва юқори бўғин ходимларининг ойлиги июлдан бошлаб 22 фоизга оширилди. Ушбу кўрсаткич 2025 йилдан 60 фоизга оширилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, 2024 йил январдан қуйи бўғин ходимларининг ойлиги 2 баробарга оширилган бўлиб, уларга қатор рағбатлантириш механизмлари ҳам жорий қилинган.
Эндиликда Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан сув ресурсларини бошқариш борасидаги фаолиятига учинчи шахслар, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви тақиқланади.
Вазирлик тизимида гендер тенгликни таъминлашга ҳам эътибор қаратилиб келинмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда тизим ташкилотларида жами 2 166 нафар хотин-қизлар фаолият юритади. 36 нафар хотин-қизлар вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотларида раҳбар лавозимларида ишлаб келмоқда.
Кадрлар салоҳияти ҳақида гап кетганда нафақат бугунги кунда фаолият юритаётган ходимлар, балки келгусида тизимга кириб келадиган ёш мутахассислар ҳақида ҳам қайғуриш муҳим. Вазирлик тизимидаги ташкилотларни келгусида олий маълумотли кадрлар билан таъминлашни тизимли равишда давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги ПҚ-66-сонли қарорига асосан 2024–2025 ўқув йилидан бошлаб, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналиши бўйича 100 та қабул квотаси ажратилиб, ушбу ўринларга абитуриентлар қабули ташкил этилди. 9 та сув хўжалиги ва мелиорация коллежларида 2023–2024 ўқув йилида жами 22 та мутахассисликлар (шундан 7 та таянч мутахассислик) бўйича кундузги, сиртқи ва дуал таълим шаклларида жами 1 900 га яқин ўрта бўғин кадрлари тайёрланди.
Тизимдаги янгиликлар ва янги технологиялардан хабардор бўлиш, ўзаро тажриба алмашишда малака ошириш тизимининг аҳамияти жуда муҳим. Шу маънода 2024 йил давомида вазирлик марказий аппарати ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларнинг жами 2 863 нафар раҳбар ва масъул ходимларнинг малакаси оширилганини таъкидлаш жоиз. Ушбу ходимларнинг 10 нафари турли хорижий давлатларда соҳа бўйича малака ошириб қайтган.
Сув хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда уларнинг тизим ташкилотларида фаолияти юритаётган ходимларнинг Вазирлик марказий аппаратида стажировка ўташ амалиёти йўлга қўйилган. Лойиҳа доирасида 2024 йил давомида жами 32 нафар тизим ташкилотлари ходимларининг Вазирлик марказий аппаратида стажировкалари ташкил этилиб, ушбу стажёрларнинг лавозимлари бир поғона кўтарилди, шуларнинг 10 нафари раҳбар лавозимларига тайинланди. Шунингдек, ушбу ходимларнинг барчаси истиқболли ёш кадрлар захирасига киритилди. Ҳозирда ушбу анъана тизимли равишда давом эттирилиб, ҳудудлардаги тизим ташкилотларидан жами 22 нафар ёш ходимларнинг стажировкаси вазирлик марказий аппарати ҳамда республика ташкилотларида амалга оширилмоқда.
Вазирликнинг ҳудудлардаги барча тизим ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига ҳам стажировка ўташ учун йўналтирилиб, улар “устоз-шогирд анъанаси” асосида тажрибали устоз-менторларга бириктирилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан “Ёш мутахассисларни танлаш тўғрисидаги Низом” ишлаб чиқилди. Ушбу низом асосида шу кунга қадар олий таълим муассасаларининг битирувчи курсларида таълим олаётган 22 нафар иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, уларнинг стажировкаси ташкил этилди ва захирага киритилди. Ҳозирда ушбу ишлар тизимли равишда давом эттирилиб, республикамиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 21 нафар битирувчи курс талабалари танловнинг суҳбат босқичига ўтказилди.
2020–2023 йилларда Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш бўйича Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ва “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетининг илмий ходимлари, докторант, магистрант ҳамда иқтидорли талабалари жалб қилинди.
Улар лойиҳаларни амалга оширишнинг энг муқобил йўлини танлаш ва техник топшириқларни ишлаб чиқиш, объектларнинг лойиҳаолди бирламчи ҳужжатлари бўйича тегишли хулосалар ва таклифлар тайёрлашда иштирок этишди.
Талабаларнинг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти Вазирлик томонидан университет билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвал ва дастур асосида ихтисослашган кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида юқоридаги ҳудудлардаги объектларда, шунингдек буюртмачи, пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларида ўтказилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ҳисоб палатаси билан биргаликда бетонлаш ишларида тегишли олий таълим муассасалари юқори курс талабаларининг амалиётини ҳамда илмий ходимларининг тадқиқотларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилди.
Дастурда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, “Сувчилар мактаби” ҳамда Беруний, Кегейли, Галаосиё, Касби, Қамаши, Навбаҳор, Мингбулоқ, Бандихон ва Қўшкўпир агротехнологиялар техникумларининг илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда юқори курс ўқувчи ва талабалари томонидан бетонлаш ишлари тугагунга қадар бўлган барча жараёнлар илмий ёндашув асосида кузатилиб, тавсия ва хулосалар бериб бориш амалиётини жорий қилиш ишлари инобатга олинди.
Вазирлик тизимига иқтидорли ёш кадрларни жалб этишни янада кучайтириш мақсадида 2024 йилда “Сув хўжалиги вазири стипендияси” таъсис этилди. Мазкур степендия сув хўжалиги соҳасига кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот ишларида фаол, техник ва ихтирочилик қобилиятига эга бўлган, фан олимпиадалари ғолиблари, турли танловларда фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда таълим муассасаси ижтимоий фаолиятида иштирок этиб ўзларини намоён этган бакалавриат талабаларига берилади. 2025 йилда 8 нафар талабага ушбу стипендия сертификатлари топширилди.
Ҳар йили 500 нафардан зиёд олий маълумотли мутахассислар тизим ташкилотларига ишга қабул қилинмоқда. Охирги 5 йилда 2 560 нафар олий маълумотли мутахассислар тизим ташкилотлари томонидан ишга қабул қилинди. Бу хайрли анъанани давом эттирган ҳолда жорий йилда ҳам 1000 нафарга яқин ёш мутахассислар ишга олинади.
“Сувчилар мактаби”нинг 2025 йилга мўлжалланган ўқув курсларида йил давомида ушбу курсларга жалб этилган 10 мингдан зиёд фермерлар, сув истеъмолчилари сув ресурсларидан фойдаланиш тартиби, замонавий суғориш технологиялари, ҳудудларнинг тупроқ шароити, суғориш муддатлари ва меъёрлари ҳақидаги билимларга эга бўлади.
Сув хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланиб келинмоқда. Хусусан, 2017–2024 йилларда вазирлик тизимида меҳнат қилаётган 52 нафар мутахассислар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони билан 9 нафар, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан 11 нафар, “Дўстлик” ордени билан 16 нафар, “Шуҳрат” медали билан 9 нафар, “Содиқ хизматлари учун” медали билан 5 нафар, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан 1 нафар соҳа ходимлари тақдирланиб, яна бир ҳамкасбимиз “Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг 30 йиллиги” юбилей медалига муносиб деб топилди. Шу билан бирга ҳозирги кунга қадар 438 нафар вазирлик ҳамда сув хўжалиги соҳаси фидоийлари “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Юқорида келтирганларимиз – Сув хўжалиги вазирлиги тизимида кадрлар сиёсати борасида қилинган ишларнинг бир қисми. Тизимдаги бошқа йўналишларда олиб борилаётган ишлар, уларнинг қамров йўналишлари бир-бирига чамбарчас боғлиқ.
2025 йилда ҳам сув хўжалиги соҳасида замонавий бошқарувни жорий қилиш, соҳага салоҳиятли мутахассис кадрларни янада кўпроқ жалб этиш, истеъмолчилар учун қулайликлар яратиш ишлари изчил давом эттирилади. Мақсад эса битта: тизим фаолиятини янада яхшилашга ҳисса қўшиш, соҳа доирасида аҳолига, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрастишдир.
Д.Аликулова,
Инсон ресурсларини ривожлантириш
ва бошқариш бўлими бошлиғи
